Жамият | 10:28 / 15.11.2023
14846
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кўмирни талон-торож қилган омбор мудирлари ушланди

Иккита ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан арзон кўмирнинг аҳолига етиб бориши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида иккита кўмир омборида ноқонуний ишлар қилингани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд ҳудудий филиали тасарруфидаги Мароқанд ҳудудий кўмир омбори мудири А.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 368,1 млн сўмлик 1 минг 225 тонна кўмирлар маҳсулотларини гўёки фуқаролар олгани тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, нақд пулга сотиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилган.

Шунингдек, “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд ҳудудий филиали тасарруфидаги Зиёвуддин ҳудудий кўмир омбори мудири Ф.С. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 549,5 млн сўмлик 915,9 тонна кўмир маҳсулотларини талон-торож қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, кўмир омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Аввалроқ, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Тошкент вилоят филиали бошлиғи 50 минг доллар билан ушланганди. Бундан ташқари, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилингани аниқланганди.

Мавзуга оид