Жаҳон | 14:16 / 17.11.2023
5597
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШнинг APEC доирасида алоқаларни мустаҳкамлаш режаларини эълон қилди

Оқ уйнинг иши АҚШ иқтисодиётини Хитойдан узоқлаштиришга эмас, балки «хавфни камайтириш ва диверсификация қилишга» қаратилган, деди Америка раҳбари APEC саммитида.

Фото: AP

Осиё-Тинч океани минтақаси АҚШ иқтисодиёти учун муҳим рол ўйнайди ва Вашингтон бу алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида. Бу АҚШ президенти Жо Байден 16 ноябр, пайшанба куни Сан-Франсискода бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) форумида йирик компаниялар раҳбарлари олдида маълум қилди.

Байденнинг таъкидлашича, АҚШ экспортининг 60 фоизи APEC'га аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади ва Америка корхоналари бу мамлакатлардаги тўғридан тўғри хорижий инвестициялар учун энг катта манба ҳисобланади. 2023 йилда АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари иқтисодиётига, жумладан, «яшил» энергия ишлаб чиқариш технологиялари, авиация ва киберхавфсизлик каби соҳаларга киритган сармоялари қарийб 50 миллиард долларни ташкил этди, дея таъкидлади AP Америка етакчисининг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

АҚШнинг Хитой билан иқтисодий алоқалари

Америка президенти АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирар экан, уларнинг барқарорлиги бутун дунё учун муҳим эканини таъкидлади. Байденнинг сўзларига кўра, унинг маъмурияти фаолияти АҚШ иқтисодиётини Хитойдан узоқлаштиришга эмас, балки «хавфни камайтириш ва диверсификация қилишга» қаратилган. Бир кун аввал, 15 ноябр куни Жо Байден саммитда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашган эди.

16 ноябр куни APEC етакчилари билан тушлик чоғида Байден ўз маъмуриятининг иқлим ўзгаришига қарши кураш, иқтисодий барқарорлик ва Қўшма Штатлардаги яшил энергия инфратузилмасини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам гапирди. APEC делегациялари учун кечки овқатда у иштирокчиларни «фаровон ва қадр-қимматга эга келажак» учун «Тинч океани кучидан фойдаланишга» чақирди.

Мавзуга оид