Жаҳон | 23:25 / 18.11.2023
12894
2 дақиқада ўқилади

Ҳибсдаги Игор Стрелков Россия президенти сайловида иштирок этишини эълон қилди

Жиноий айбланувчи бўлиш унинг президентликка номзодини қўйишига тўсқинлик қилмайди, бироқ судланган тақдирда, Стрелков сайловолди кампаниясида қатнаша олмайди.

Фото: Сергей Бобылев/ТАСС

Экстремизм иши бўйича ҳибсга олинган Россия ФХХ собиқ ходими Игор Стрелков (Гиркин) ўз шерикларини Россия президентлигига номзод сифатида кўрсатиш кампаниясини бошлашга чақирди.

Унинг шу мазмундаги хатини «Рус ҳаракати Стрелков учун» ташкилоти ҳамраиси Олег Нелзин ўқиб берди.

Стрелков, дейилади мактубда, ўзини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплайдиган ташаббус гуруҳи тузишни сўраган. Стрелков, шунингдек, «Россиядаги барча ватанпарвар кучларини, жамоат ва сиёсий ташкилотларини» ўзини қўллаб-қувватлашга чақирди. «Бу бизнинг ташқи ва ички таҳдидларга қарши бирлашиш учун имкониятдир», деб ёзди Стрелков мактубда.

Бир кун аввал «Сўл фронт» координатори Сергей Удалцов Игор Стрелков «сўл ва ватанпарвар кучлардан президентлик сайловига ягона номзодни сайлаш бўйича праймеризда» қатнашишини айтган эди.

Стрелков ижтимоий тармоқлардаги постлари туфайли экстремизмда айбланиб, июл ойида ҳибсга олинган. У айбини тан олмади. Тергов тафсилотлари маълум эмас, иш махфий деб эълон қилинган.

Жиноий айбланувчи бўлиш унинг президентликка номзодини қўйишига тўсқинлик қилмайди, бироқ Стрелков судланган тақдирда, сайловолди кампаниясида қатнаша олмайди.

Игор Стрелков (ҳақиқий исми Гиркин) 2014 йилда Донбассдаги қуролли можарода қатнашган ФХХ собиқ ходими. Стрелков ўзини 2014 йилда Украинада «уруш тепкисини» босган одам деб атайди. 2014 йилда бир неча ой давомида у ўзини ўзи эълон қилган ДХР «Мудофаа вазирлиги»ни бошқарган.

Нидерландия суди 2022 йил ноябрида Стрелковни 2014 йил 17 июл куни Донецк вилоятида Малайзиянинг Боинг самолёти ҳалокатида айбдор деб топиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айбловга кўра, Стрелков Россиядан «Бук» ҳаво мудофаа тизимини етказиб беришни сўраган, кейинчалик ундан 298 киши бўлган самолётни уриб туширишда фойдаланилган.

Мавзуга оид