Жаҳон | 15:08 / 20.11.2023
4483
4 дақиқада ўқилади

Украина болалар депортациясида иштирок этганларга нисбатан санкция киритди

Украина президенти 108 шахс ва 37 ташкилотга нисбатан санкция қўллаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Рўйхатда украиналик болалар депортациясига алоқадор экани айтилувчи россиялик Мария Лвова-Белова ва беларус Алексей Талай ҳам бор.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг 140 дан ортиқ шахс ва ташкилотларга, асосан россияликларга нисбатан санкциялар ва «бошқа чекловчи чоралар» қўллаш тўғрисидаги қарори ҳақидаги иккита фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат 18 ноябр куни президент сайтида эълон қилинди.

Иккинчи ҳужжатга кўра, 100 нафар жисмоний ва 37 та юридик шахсга нисбатан беш йил муддатга чекловлар жорий этилган. Хусусан, рўйхатга Россия болалар омбудсмани Мария Лвова-Белова ва унинг «Квартал Луи» ташкилоти киритилди. Беларуслик ҳукуматпараст фаол Алексей Талай хайрия жамғармасига ҳам санкциялар жорий қилинган. Лвова-Белова ва Талай, Украина матбуотига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида украиналик болаларнинг депортацияси билан бевосита боғлиқ.

Рўйхатларда - кўплаб таниқли шахслар ва тузилмалар

Президентнинг биринчи фармони саккиз кишига, жумладан Украинанинг бир қатор собиқ юқори мартабали амалдорларига: собиқ бош вазир Николай Азаров, собиқ депутат Олег Царев, собиқ таълим ва фан вазири Дмитрий Табачник, шунингдек, Қримнинг Россия томонидан тайинланган «раҳбари» Сергей Аксенов ва «ЛХР» деб номланган ҳудуд «раҳбари» Леонид Пасечникка қарши 10 йилга санкция қўллашни назарда тутади. 

Санкция остига тушган ташкилотлар рўйхатига Россиянинг «Росмолодеж»и, «Роспатриотцентр» федерал давлат бюджет муассасаси, Қурилиш вазирлиги, «Молодая гвардия Единой России», шунингдек, бир қанча хайрия ва кўнгилли ташкилотлар ҳам кирди. Бошқа нарсалар қаторида, санкциялар активларни тўлиқ блоклаш, савдо операцияларини чеклаш, лицензияларни бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш ва капитални Украинадан ташқарига олиб чиқишнинг олдини олишни назарда тутади. 

Президент фармонларига кўра, Украина Ташқи ишлар вазирлигига Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа мамлакатлар ваколатли органларини санкциялар қўлланилгани тўғрисида хабардор қилиш ва «улар олдида шу каби чекловчи чораларни жорий этиш масаласини кўтариш» топширилган. Вазирлар маҳкамаси, «СБУ» ҳамда Украина Миллий банкига қабул қилинган қарорнинг бажарилиши ва мониторингини таъминлаш топширилди. 

Беларус Россиянинг депортация бўйича ишончли «ёрдамчиси» экани айтилган

Олий рада ваколатли вакили Дмитрий Лубинецнинг сўзларига кўра, уруш пайтида Украинадан Россияга депортация қилинган 20 мингга яқин болалар аниқланган. Беларус украиналик болаларни депортация қилишда Россияга «ёрдам бермоқда». Беларус президенти Лукашенконинг топшириғига кўра, болалар Россия орқали Беларусга, гўёки «саломатлигини яхшилаш» учун олиб кетилмоқда. Алексей Талай фонди уларни Беларус лагерларига жойлаштиришни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, Беларус Қизил Хоч жамияти украиналик болаларни Беларусга ноқонуний олиб чиқишда иштирок этяпти. 

Паралимпиячи спортчи Алексей Талай хайрия жамғармаси сайтида жамғарма ногиронлар, оғир касаллар, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётгани айтилган. Украинада уруш бошланганидан сўнг, фонд ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»га юбориш учун инсонпарварлик ёрдамини йиғиш билан банд бўлган. Бундан ташқари, Талайнинг ўзига кўра, унинг ташкилоти Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган ушбу ҳудудлардан болаларни Беларусга олиб келяпти. 

Аввалроқ Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Мария Лвова-Беловани Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидан болалар Россияга ноқонуний депортация қилингани учун ҳибсга олишга ордер берган эди. 

Мавзуга оид