Жаҳон | 15:55 / 21.11.2023
9961
2 дақиқада ўқилади

«АвтоВАЗ» хорижлик ҳамкорларни оммавий йўқотаётганидан шикоят қилмоқда

Санкциялар туфайли «АвтоВАЗ» тўловлари Россияга «дўст бўлмаган» ва «дўст» мамлакатларда блокланган. Натижада хорижлик етказиб берувчилар ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда, дея шикоят қилди компания раҳбари.

Фото: Yakov Knyazev/ITAR-TASS/imago images

Сентябр ойида Қўшма Штатлар томонидан «АвтоВАЗ» автомобил концернига нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли унинг тўловлари Россияга «дўст бўлмаган» ва «дўст» давлатлар банклари томонидан тўсиб қўйилган, бу эса хорижий шерикларнинг Россия компанияси билан ҳамкорлик қилишдан оммавий равишда бош тортишига олиб келади. Бу ҳақда 20 ноябр, душанба куни Федерация кенгашидаги парламент эшитувларида «АвтоВАЗ» президенти Максим Соколов айтиб ўтди.

Америка санкцияларининг оқибати «хорижий етказиб берувчилар, ёрдамчи етказиб берувчилар, молия институтлари, банкларнинг автомобилсозлик саноати билан ҳамкорлик қилишдан янги оммавий бош тортиши бўлди. Шундай қилиб, чет эл банклари, экспорт маҳсулотлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бизнинг чиқувчи тўловларимизни ҳам, «АвтоВАЗ»га тўловларни ҳам шунчаки блокламоқда», - дея РБК агентлиги Соколовдан иқтибос келтиради.

АҚШнинг Россия автомобил саноатига қарши санкциялари

2023 йил 14 сентябрда АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг «АвтоВАЗ», «Группа ГАЗ», «Москвич» ва Sollers (асосий бренди - УАЗ) автомобил ишлаб чиқарувчиларига нисбатан жазо чораларини жорий қилди. Худди шу ойда Максим Соколов чекловлар унинг компанияси ишига таъсир қилмаслигини айтди. Бундан олдинроқ - 2022 йил июн ойида Россиянинг КАМАЗ ширкати Америка санкциялари остида қолган эди.

Аввалроқ «Транспорт России - 2023» форумида Максим Соколов бу йил «АвтоВАЗ» АҚШ санкциялари туфайли режалаштирилган автомобил ишлаб чиқаришни 10 фоизга – 400 минг донадан 360 минг донага қисқартиришини айтган эди. Бироқ, чекловларга қарамай, концерн 2024 йилнинг биринчи ярмида янги Lada e-Largus электромобилларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид