Жаҳон | 16:00 / 21.11.2023
7038
10 дақиқада ўқилади

Либертариан ғояси нима ўзи ва Хавиер Милей унга нечоғлик содиқ?

«Мен либерал либертарианман. Фалсафа нуқтайи назаридан мен бозор анархистиман». 2021 йилда ҳали депутат бўлиб турганида, бугунги кунга келиб Аргентинанинг сайланган президенти Хавиер Милей ўзига шундай баҳо берган эди. У сайловларнинг иккинчи турида иқтисодиёт вазири Серхио Масса устидан ишончли ғалаба қозонди.

Фото: BBC

Ўзининг бу позициясини у 2022 йилда чоп этилган «Либертариан йўли» китобида акс эттирган ва унда «сиёсий каста» деб аталувчилардан жамиятнинг норозилигини баҳолаш ва қабул қилиш йўлларини тасвирлаган.

Сайланган президент, 53 ёшли иқтисодчи-рокер кўп йиллардан бери Аргентина телевизон дастурларида баландпарвоз ва жанжалли чиқишлари билан омма диққатини ўзига жалб қилиб келаётган эди.

«Мен бу жиноятчиларни қувиб солмоқчиман», қабилидаги гаплар билан Милей тийиқсиз инфляция каби асосий муаммоларни ҳал этишни эплай олмаётган анъанавий сиёсий кучлардан ҳафсаласи пир бўлган ёшлар ва ўрта синфнинг қўлловига эга бўлди.

Унинг Марказий банкни «портлатиб юбориш», «жамоат ишлари»га чек қўйиш, субсидияларни қисқартириш ва ўқотар қурол олиб юришга рухсат бериш каби ваъдалари гарчи либертариандан кутилаётган нарсаларга ўхшаб кетаётган бўлса-да, бу можароли сиёсатчининг бошқа баёнотлари шубҳаланишга асос бўла олади, дейилади BBC мақоласида.

Либертарианлик ғоялари инглиз Жон Локк каби файласуфларга бориб тақалади.

Либертарианлик нима?

Либертарианлик — бу сиёсатдаги фалсафий оқим бўлиб, «индивидуал эркинликни олий сиёсий қадрият» даражасига кўтаради, — деб ёзган эди классик либертарианликни тарғиб этувчи хусусий тадқиқот ва маънавият маркази Катон институтининг собиқ вице-президенти Дэвид Боаз.

«Либертариан инсонларни маълум бир ишлашга мажбурлаш, масалан, бошқа инсонларнинг эркинликларига дахл қилишдан тийиш мумкинлигини тан олади. Бироқ, либертариан учун ҳаттоки бу унинг фаровонлиги учун хизмат қилиши тайин бўлса ҳам бошқалар учун ишлашга мажбурлаш асло мумкин эмас», — дея тушунтиради Стэнфорд университети фалсафа энциклопедияси.

Бу оқим Европада XVIII аср ўрталарида бошланган ва XIX аср бошларигача давом этган Маърифат ҳаракатига бориб тақалади.

Айнан ўша даврда француз Монтескё, инглиз Жон Локк ва шотланд Адам Смит азалий, кейинчалик устун мавқега эга бўлган, бир гуруҳ инсонларнинг мерос ҳуқуқи ёки диний сабабларга кўра ўз истакларини бошқаларга жорий этишини шубҳа остига олувчи назариялар ва ғоялар устида иш бошлашган.

Либертарианлик АҚШ мустақилликка эришиши билан янги импулс олди, чунки асосчи-оталалар янги мамлакат фуқароларига кенг ҳуқуқлар тақдим этишди

Бугунга келиб, диндорлар ва зодагонлар қаторида, либертарианлик ҳам демократик ҳукуматларнинг ваколатларини чеклашга интилмоқда.

«Либертарианлар шахс эркинлигини ҳурмат қилиш адолатнинг марказий талаби, деб ҳисоблайди. Уларгша кўра, инсоний муносабатлар ўзаро розилик асосига қурилиши керак. Либертарианлар эркин ҳамкорлик жамияти, толерантлик ва ўзаро ҳурматни ёқлашади», — деб ёзган америкалик файласуф Жейсон Бреннан Австрия иқтисодий фикрлар мактаби доирасида.

Буларнинг барчасидан келиб чиқадики, либертарианлар давлатга шубҳа билан қарашади ҳамда уни агрессив ва кераксиз деб билишади. Британия энциклопедиясининг тушунтиришича, «жамиятда айрим тартиб шакллари марказий раҳбарликсиз, ўз-ўзидан табиий пайдо бўлади».

Шу сабабга кўра либертарианлар алалоқибатда можароларни ҳал қилувчи ва инсонлар ўртасидаги фарқни йўқ қилувчи қандайдир тизим (ҳукумат, қонунлар ва ҳ.к.) бўлиши шарт деган либераллардан ажралиб чиқишган.

«Мен давлатни душман деб биламан. Либерализм одамларни монархларнинг зулмидан озод қилиш учун яратилган; бизнинг ҳолатимизда бу давлат», — деган Милей, ва афтидан, Аргентинада кўпчилик либертарианликнинг бу асосий постулатига рози.

Амалиётда либертариан бўлиш нима дегани?

Эркин бозор, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, давлатни маълум бир функциялар билан чеклашни илгари суриш билан либертарианлар сиёсий спектрнинг ўнг қанотига бориб жойлашишди.

Милей Аргентина иқтисодиётини долларлаштиришни ёқлайди

Бироқ либертариан мафкурасининг бошқа асосий унсурлари сўл кучлар томонидан қабул қилинган, уларнинг орасида жинсий ҳаёт ва наркотик билан боғлиқ индивидуал эркинликни ҳтимоя қилиш, шунингдек, пацифизм (урушни ёқламаслик) ажралиб туради.

Кантон институти собиқ раҳбари, социолог Фелипе Бенитеснинг BBC’га таъкидлашича, либертарианлар сўл ва ўнг доктрина ўртасидаги эски сиёсий бўлинишни асло қабул қила олмайди. Улар ҳар бир инсоннинг эркинлигини марказга жойлаштиришади.

«Либертарианлар инсоннинг ўз танлови, ҳаракатлари ва танаси устидан мутлақ назоратга эга эканлигини назарда тутувчи «ўз-ўзига эгалик ҳуқуқи» тушунчаси нуқтайи назаридан индивидуал эркинликнинг зарур ҳажмини аниқлаштириб олишга уринишган», — дея боғлиқликни тушунтиради Боаз.

Милей президент расмий қароргоҳи Каса Росадога кўчиб ўтгач, наркотик истеъмол қилиш муаммоси унинг асосий иши бўлмаслигини айтиб ўтган.

«Наркотиклар бу — ... муддати узайтирилган ўз-ўзига суиқасд. Агар кайф қилмоқчиман, марҳамат, билганингни қил, лекин мендан пул сўрама», — деган у.

Айрим сиёсий лидерлар, масалан Роналд Рейган ҳам жамиятда давлат ролини қисқартириш зарур бўлганда либертарианларнинг ғоясини қурол қилиб олган.

Бу ҳаракатнинг издошлари қуролли можароларга қарши чиқишади, чунки уруш ўлим ва кенг кўламли вайронагарчиликлар келтириб чиқаради, оилавий ва иқтисодий ҳаётни барбод қилади, ҳукмрон синф қўлига янада кўпроқ ҳокимият тутқазади, дея эслатади Кантон институти собиқ раҳбари.

Бенитеснинг сўзларига кўра, либертарианлик «зўравонликни заруриятсиз қўллашни кўрарга кўзи йўқ фикр йўналишидир».

Милей ҳам бу сўнгги принципга содиқлигини кўрсатди ва 1982 йилги Фолкленд урушини қаттиқ танқид қилди ҳамда унинг ҳукумати гарчи осон вазифа бўлмаса ҳам, мулоқот йўли билан муаммони ҳал қилишини айтди.

«Агар сиз ороллар куни келиб яна Аргентинанинг бир қисми бўлишини истасангиз, бу жуда узоқ музокараларни талаб қилишини, Аргентина бунинг эвазига қандайдир қизиқроқ нарса тақдим этиши кераклигини тушунишингиз лозим. Сиз Буюк Британия билан бир столга ўтириб гаплашишингиз, оролда яшаётганлар билан вазиятни муҳокама қилишингиз керак», — деган у 2022 йилги интервюсида.

Хавиер Милей. Фото: Reuters

Либертарианми ёки популист?

Милейнинг чинакам либертариан эканини шубҳа остига олувчи асосий сабаб унинг абортлар масаласидаги позицияси.

«Мен абортларга қаршиман, чунки ҳаётни юқоридан берилган неъмат деб ҳисоблайман. Аёл киши ўз танасини тасарруф қилиши мумкин, лекин унинг бачадони ичидаги ҳаёт бошқа тана, бошқа шахс», — деган янги сайланган президент.

Айнан мана шу сабабга кўра, сиёсий технологиялар бўйича эксперт Кармен Беатрис Фернандес Милей либертариан унвонига мос эмаслиги, у кўпроқ «неопопулист ёки ўнг авторитаризм вакили» эканини таъкидлайди.

«Классик либертариан — иқтисодий соҳада, шунингдек, шахсий ва индивидуал эркинликлар борасида либерал позицияларга эга бўлган инсон. Мен Милей классик либертариан дея олмайман, гарчи у Австрия иқтисодий фикр мактабининг иқтисодий ғоялари пропагандачиси бўлса ҳам», — деган Наварра университети профессори Кармен Беатрис Фернандес.

Сиёсатшунос Гилиермо Телл ҳам бошқачароқ нуқтайи назарга эга ва у  Милейни бу сиёсий ҳаракатнинг «энг қимматли» вакилларидан бири, деб ҳисоблайди.

«У телевизон дастурларда шарҳловчи, Конгрессда депутат бўлиб ишлаганида унинг бюджет ва муайян сиёсат каби масалалардаги танқидлари давлатнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган, бинобарин у либертариан унвонига тўлиқ мос келади», — деган Каракасдаги Венесуэла университети юридик ва сиёсий тадқиқотлар факултети декани Гилиермо Телл Авеледо.

Милейнинг абортлар борасидаги позицияси либертариан тезисларига зид. ФОТО: GETTY IMAGES

Авеледо бу ҳолатда Милейнинг консерватив позициялари ва бошқа зиддиятлар унинг «ҳақиқий либертариан» сифатида тан олинишига тўсқинлик қилишини таъкидлаб ўтган.

Шу сабабли олим уни «палеолибертариан» (консерватив либертариан) ёки «анархо-капиталис», яъни, жамият давлатга эҳтиёжсиз фақат бозор ёрдамида фаолият кўрсата олиши мумкин деб ҳисобловчи киши, деб атайди.

«Ҳақиқий либертариан давлат ва президент офиси ҳам бўлмаслиги учун курашади, унинг ўзи эса шу лавозим учун курашди», — дейди эксперт.

Бенитес, эса ўз навбатида, сайланган президент бу мафкурага тўла мос келишини таъкидлайди.

«Хавиер Милей — либертариан каби фикрловчи иқтисодчи, у фикрларини либертариан каби баён қилади, унинг ҳукумат дастури ўта либертарианча», — дейди Бенитес.

Милейнинг популизамда айбланишига тўхталар экан, Бенитес популизм фақат бир ҳолатда — агар у бошқарув усулига айланса бўй кўрсатишини айтган.

«Айни пайтда унда фақат демагогик ёндашув борлигини эътироф этиш мумкин, холос. Лекин демократияга ҳар тарафдан ҳужум бўлиб турган шароитда ғалаба учун реал имконият бўлиб турганида ким ҳам демагогиядан воз кеча олади?» — дея савол қўяди у.

Дам олиш кунларида эришилган ғалабадан сўнг Милей ўз ваъдаларига содиқ қоладими-йўқми, секин-аста бўй кўрсата бошлайди, ана шундан сўнг барча шубҳа-гумонлар тарқалади. 

Мавзуга оид