Ўзбекистон | 18:35 / 24.11.2023
7927
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев СПЕКА саммитида еттита ташаббусни илгари сурди

Президент СПЕКА дастурининг Мақсадли жамғармасини ташкил этишни тезлаштириш, минтақавий савдони рағбатлантириш, Транскаспий мултимодал йўлаги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури — СПЕКА саммитида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари нутқининг аввалида Тошкентда асос солинган мазкур муҳим платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида ўзининг ниҳоятда зарурлигини яққол кўрсатганини таъкидлади. Унинг доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилганини қайд қилди.

Ўзбекистон президенти ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида замонавий таҳдидларга қарши самарали курашиш учун минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш, давлатлар ўзаро бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши лозимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев бу борада қуйидаги 7 та асосий йўналишга эътибор қаратишни сўради.

Биринчидан, Ўзбекистон СПЕКА дастурини янада таъсирчан минтақавий платформага айлантириш тарафдори, «СПЕКА–2030» тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш лозим. 

Иккинчидан, Дастур доирасида Минтақавий савдони рағбатлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Сўз, энг аввало, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини техник тартибга солиш чораларини уйғунлаштириш борасида жаҳондаги энг илғор тажриба ва амалиётларни жорий этиш ҳақида кетмоқда.

Учинчидан, СПЕКА Мақсадли жамғармасини ташкил этишни тезлаштириш ва келгуси йилнинг ўзида унинг амалий ишини йўлга қўйиш. Жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан фаол ишлаши, устувор лойиҳа ва дастурларга молиявий ресурслар ва грант маблағларини энг мақбул шартларда жалб этиши лозим. Ўзбекистон ҳам уни шакллантириш учун ўз молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Транскаспий мултимодал йўлаги бўйича маълумот ва ҳужжатлар алмашиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган «йўл харитаси»ни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш тарафдори. Бу борада Ўзбекистон келгуси йилнинг бошида мамлакатлар транспорт вазирлари, логистика компаниялари, юк ташувчилари, йирик саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда соҳанинг етакчи экспертлари иштирокида «Рақамли транспорт маршрутлари» халқаро форумини ўтказишга тайёр. 

Бешинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини тузиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф этилди. Ушбу тадбирнинг кун тартибидан етакчи агросаноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-технологик алмашувларни рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган илғор ечимларни жорий этиш, «экспресс» йўлакларни ишга тушириш каби масалалар асосий ўрин эгаллайди.

Олтинчидан, сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, СПЕКА кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини – кўп томонлама «Яшил стратегияси»ни қабул қилиш вақти келди.

Еттинчидан, СПЕКА доирасида ишбилармон хотин-қизларнинг фаол ташаббусларини ва аниқ режаларини доимий ва тизимли рағбатлантириш мақсадида СПЕКА Тадбиркор аёллари кенгашини тузиш таклиф этилди. Шунингдек, Кенгаш доирасида мамлакатларимиз равнақи ва иқтисодий тараққиётига, умумий ҳамкорлигимизга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган аёлларни «СПЕКА эътирофи» халқаро мукофоти билан тақдирлаш ҳам таклиф этилди. 

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев ҳамкасбларига, Европа иқтисодий комиссияси ва ЭСКАТО раҳбариятига мурожаат этиб, СПЕКА дастури доирасида Афғонистон билан ишчи алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликни қайта тиклашга чақирди. 

«Ушбу мамлакатни ўз муаммолари билан якка қолдириш мумкин эмас. Амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди», деди президент.

Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон халқларнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида БМТ минтақавий дастури доирасидаги кўп томонлама шерикликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлашини таъкидлади.

Мавзуга оид