Жаҳон | 11:51 / 28.11.2023
5744
3 дақиқада ўқилади

Россия гази яна Чехияга етказиб берилмоқда

Айрим трейдерлар октябр ойида Чехияга рус газини импорт қилишни бошлади. У 2023 йил бошидан буён мамлакатга етказиб берилмаётганди.

Фото: Igor Zehl/CTK/dpa/picture-alliance

Октябр ойидан бошлаб айрим трейдерлар яна Чехияга рус газини импорт қилишни бошлади, деди Чехия саноат ва савдо вазири Юзеф Сикела Х ижтимоий тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда мамлакат Россия Федерациясидан 79,6 миллион куб метр газ олган бўлса, бошқа манбалардан 6,451 миллион куб метр газ олинган. Шу тариқа, йил давомида етказиб беришнинг умумий ҳажмида Россия газининг улуши 1,2 фоизни ташкил этди. 

«Бизга Чехияга Россия газининг импорти керак эмас - бу қиш учун ҳеч қандай муаммосиз захира яратдик. Бироқ шу ҳафтада ERO (Чехия регулятори)нинг ойлик маълумотларидан билиб олдикки, октябр ойидан бери баъзи трейдерлар Россиядан газни импорт қила бошлади», - деди Чехия Саноат вазирлиги раҳбари. 

Унинг тушунтиришича, Россия газининг Европа Иттифоқига импорти санкцияларга дучор бўлмайди, чунки баъзи давлатлар ҳали ҳам унга қарам ҳолатда. «Аммо, менимча, охирги истеъмолчилар газни Россияда сотиб олган етказиб берувчилардан олаётган бўлса, бу ҳақда хабардор қилиниши тўғри», - деди вазир.

Сикеланинг сўзларига кўра, сўнгги воқеаларни инобатга олган ҳолда, «миллий даражада чекловчи чораларни жорий этиш ёки Европа Иттифоқи доирасида ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш ҳақида ўйлаш керак». Шу билан бирга, унинг фикрича, Чехия Россия газига қарамликдан қутулган - 2022 йил охиригача мамлакатга газнинг қарийб 97 фоизи Россия Федерациясидан келган, бироқ Прага Украина уруши туфайли ундан воз кечишга қарор қилган.

Шу билан бирга, экспертлар сўнгги ойларда Россиянинг Чехияга етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошганини қайд этмоқда. Шу тариқа, Trinity Bank бош иқтисодчиси Лукаш Кованда Bloomberg маълумотларига таяниб, октябр ойи бошидан бери Ланжготдаги юк ташиш станциясида етказиб бериш ҳажми ортганини айтди. Унга кўра, ҳозир Чехияга импорт қилинадиган газнинг 40 фоизи Россиядан келяпти.

Мавзуга оид