Жаҳон | 21:44 / 02.12.2023
11542
2 дақиқада ўқилади

Қурғоқчилик сайёра миқёсида «мисли кўрилмаган» ҳолатга айланди — БМТ

Қурғоқчилик тез-тез юз бермоқда, шиддатлилиги ортмоқда, сув омборлари сатҳи камаймоқда ва қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиб кетяпти.

Фото: GETTY/PIYASET

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) янги ҳисоботида иқлим ўзгаришлари ёмонлашгани сари қурғоқчилик «тилсиз қотилга» айланиб бораётгани ҳақида сўз боради. Бу ҳақда Newsweek ёзди.

Ҳисоботда айтилишича, иқлим ўзгариши кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлмоқда, иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлмоқда ва жамиятнинг айрим соҳаларига ҳар қачонгидан ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.

«Бошқа офатлардан фарқли ўлароқ, қурғоқчилик сезилмасдан содир бўлади...» дейилади БМТ шарҳида.

Унда қурғоқчиликнинг тез-тез юз бераётгани ва шиддатлилиги ортаётгани, сув омборлари сатҳи камайиб бораётгани, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиб кетаётгани таъкидланади. Шу билан бирга, биологик хилма-хиллик йўқолиб, очлик авж олмоқда.

Ҳисоботда қурғоқчилик Ернинг айрим ҳудудларига қанчалик жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Жумладан, Қўшма Штатларнинг 5 фоиз ҳудуди қаттиқ ёки ҳаддан ташқари қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда. Бу фақат АҚШ учун хавфли эмас: дунё бўйлаб кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгариши ёмонлашгани учун қурғоқчиликдан азият чекяпти.

Агар глобал ҳарорат кўтарилишда давом этса, 170 миллионга яқин одам кучли қурғоқчиликдан азият чекиши мумкин. Бу кутилганидан 50 миллионга кўп.

Йиллар давомида қурғоқчиликдан азият чекаётган Шарқий Африкада табиий офат очарчиликка сабаб бўлмоқда. Африка шохида яшовчи 23 миллионга яқин одам «озиқ-овқат билан таъминланмаган».

БМТ шунингдек, иқлим ўзгариши об-ҳаво шароитларини олдиндан башорат этишни имконсиз қилаётганига, ёғингарчилик камайганига эътибор қаратган.

Олимлар глобал исиш узоқ вақтдан бери Ерга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлашган. Шу йил ёздан олдин улар кўпчилик мамлакатлар «жаҳаннам жазирамасини» бошдан кечиришидан огоҳлантирган эди. Ҳақиқатан ҳам, ёзнинг охирида синоптиклар кўплаб ҳарорат рекордларини қайд этишди.

Мавзуга оид