Фидел Кастронинг МРБ билан ҳамкорлик қилган синглиси АҚШда вафот этди
Хуанита Кастро Кубанинг собиқ етакчилари Фидел ва Раул Кастронинг синглиси эди. У Кубадан қочиб, Кастро режимини ағдариш учун МРБ билан ҳамкорлик қилган.
Американинг Майами шаҳрида Кубанинг собиқ етакчилари Фидел ва Раул Кастронинг синглиси Хуанита Кастро 90 ёшида вафот этди, деб хабар берди унга яқин журналист ва таржимаи ҳоли ҳаммуаллифи Мария Антонета Коллинз сешанба, 5 декабр куни Instagram’да. «Хуанита Кастро, ажойиб аёл ва ўзи жуда яхши кўрган Куба учун тинимсиз курашувчи шахс бугун оламдан ўтди», деб ёзади Коллинз.
Хуанита Кастро 1933 йилда Кубада туғилган. Дастлаб у акаларининг диктатурага қарши курашини ва Кубада инқилоб ғоясини қўллаб-қувватлади, аммо кейин сиёсий рақибларнинг ўлдирилиши ва бошқарувнинг демократик тамойилларидан воз кечгани сабабли Фидел ва Раулдан ҳафсаласи пир бўлди. Шундан сўнг у кубалик диссидентларга ёрдам берди. 1960-йилларнинг ўрталарида Хуанита Кастро оролни тарк этиб, Майамига йўл олди, у ерда дорихона сотиб олди ва 2007 йилгача у ерда ишлади.
МРБ билан ҳамкорлик
Хуанита Кастро ўз хотираларида 1961 йилда Америка разведка хизматларига ёлланганини, шундан сўнг Кубада ҳокимият ўзгаришига эришиш умидида Марказий разведка бошқармаси билан уч йил ҳамкорлик қилганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, акалари ва ватани ўртасида танлов қилиши керак эди. «Мен инқилоб тарафдори эдим. Мен Куба халқининг аксарияти каби тарафдор эдим. Биз эски зулмга қарши эдик. Лекин бизда ҳозир энг ёмон зулм», - деганди у 1973 йилда Ню-Йоркдаги митингда.
Хуанита Кастро ўз хотираларида АҚШда Кубадан келган муҳожирлар жамиятида ўз ўрнини эгаллаш учун кўп вақт ва куч сарфлаганини ёзган. «Ҳаётимдаги парадоксни кам одам тушунади. Кубадагилар учун мен дезертирман, чунки кетиб, ҳозирги режимни қоралаганман. Майамидаги кўпчилик учун - «персона нон грата»ман, чунки Фидел ва Раулнинг синглисиман», - деган у.
Фидел Кастро 2016 йилда 90 ёшида вафот этди. Шундан сўнг Хуанита шаҳар кўчаларида ўз раҳбарининг ўлимидан хурсанд бўлган кубаликларни қоралаб, буни ғайриинсоний деб атади. Фидел ўлимидан сўнг Кубани Раул Кастро бошқарган, бироқ у 2021 йилда истеъфога чиққан. Раул Кастро ҳозир 92 ёшда.
Мавзуга оид
09:00 / 24.10.2024
Кубадаги 70 фоиз аҳоли пунктида электр таъминоти тикланди
12:50 / 21.10.2024
Кубада миллионлаб аҳоли ИЭСдаги авария туфайли электрсиз қолмоқда
08:50 / 21.10.2024
Куба кетма-кет иккита блэкаут фонида тўфонга тайёрланмоқда
19:19 / 20.10.2024