Жаҳон | 13:26 / 06.12.2023
7388
4 дақиқада ўқилади

Гуржистонда ғойиб бўлган россиялик фаол Россия тергов изоляторидан топилди

Октябр ойи ўрталарида Тбилисида ғойиб бўлган Гуржистонда яшовчи екатеринбурглик фаол Рафаил Шепелев Россия хавфсизлик кучлари томонидан ўғирлаб кетилиб, Свердловск вилоятига олиб кетилган, деб хабар қилди ҳуқуқ фаоллари.

Рафаил Шепелев Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Первый отдел» инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, бир неча ҳафта олдин Гуржистонда ғойиб бўлган россиялик фаол Рафаил Шепелев Нижний Тагилдаги тергов изоляторида. У жиноий ишда террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш ва терроризмни оқлашда айбланмоқда, деб хабар қилди 5 декабр, сешанба куни ҳуқуқ ҳимоячилари.

Шепелев 2021 йилдан бери Гуржистонда яшаган ва Россияга бормаган

«Шепелев Россия хавфсизлик кучларининг провокацияси қурбони бўлди, уни Тбилисидан Цхинвали минтақасига (тан олинмаган Жанубий Осетия ҳудудида) алдаб олиб бориб, ўша ерда ушлаб, Владикавказга жўнаб юборишган. У ерда эса маъмурий қамоққа жўнатилди, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, эҳтиёт чораси қўлланган», — дейилади «Первый отдел» хабарида. Кейин Шепелев Свердловск вилоятига жўнатилди, бу деярли бир ярим ой давом этди, деди ҳуқуқ ҳимоячилари. 

Шепелев 12 октябр куни уйидан чиқиб, қайтиб келмаган вақтида Тбилисида ғойиб бўлган. Намойишларда бир неча бор қатнашган екатеринбурглик фуқаро 2021 йил сентябридан бери Гуржистонда яшаган ва Россияга қайтишни режалаштирмаган. Унинг шахсий буюмлари, жумладан, халқаро паспорти Тбилисида қолган. Шепелев «террорчи ташкилот фаолиятида иштирок этиш» моддаси бўйича 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Шунга ўхшаш ҳолатлар - Қирғизистонда ҳам 

Бу россиялик фаолнинг хорижда ўғирлаб кетилгани бўйича биринчи воқеа эмас. Ноябр ойи бошида октябр ойида Қирғизистонда ўғирлаб кетилган ва Москвадаги 2-сонли «Бутирка» тергов ҳибсхонасида топилган сўл фаол Лев Скорякиннинг худди шундай иши ҳақида маълум бўлган эди. 2021 йил охирида у ва унинг тарафдори Руслан Абасов Москвадаги «ФСБ» биноси ёнида «ЧКист куни муборак» ёзуви туширилган баннерни кўтариб олиб, файерлар ёқиб юборган. Шундан сўнг фаолларга қарши қурол ишлатиш билан безорилик моддаси бўйича жиноий иш очилган. 2023 йил бошида суд уни баъзи хатти-ҳаракатларини тақиқлаб, ҳибсдан озод қилганидан сўнг, эркак Россияни тарк этди. Россия уни давлатлараро қидирувга берган.

2023 йил июн ойида фаол Россиянинг экстрадиция ҳақидаги илтимосига биноан Бишкекдаги тергов изоляторига жойлаштирилган. Аммо экстрадиция рад этилди ва Скорякин қўйиб юборилди. Кейинчалик у Германияга инсонпарварлик визаси ва Россия паспорти ўрнини босувчи йўл ҳужжатини олган, бироқ 16 октябрдан 17 октябрга ўтар кечаси номаълум шахслар уни ўзи яшаб турган турар жойдан олиб чиқиб, номаълум томонга олиб кетган, деб хабар беради «Важные истории». Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Лев Скорякин Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) кўмагида «ФСБ» томонидан ноқонуний равишда ўғирлаб кетилган.

2023 йил июнь ойида «Важные истории» «Зона солидарности» инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб, Қирғизистонда хавфсизлик кучлари урушга қарши фаол Алексей Рожковни Россия «ФСБ»га топширгани ҳақида ёзган эди.

 

Мавзуга оид