Жаҳон | 19:10 / 08.12.2023
11077
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ягона соат минтақасига ўтишни режалаштирмоқда 

Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида 1 март куни ярим тунда соат миллари 1 соат орқага қайтарилиши режалаштирилган. 

Фото: РИА Новости

Қозоғистонда Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология қўмитасининг мамлакатни ягона UTC+5 соат минтақасига ўтказиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. 

Агар ҳужжат тасдиқланса, ғарбий вилоятлардан ташқари барча ҳудудларда маҳаллий вақт бир соат орқага сурилади. 

«Остона, Олмаота, Чимкент, Абай, Оқмўла, Жамбил, Жетису, Қарағанда, Қўстаной, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Улитов, Шарқий Қозоғистон вилоятлари ҳокимликлари 2024 йил 29 февралдан 2024 йил 1 мартга ўтар кечаси (соат 00:00) маҳаллий вақтни 1 соат орқага қайтаради», дейилади қарор лойиҳасида. 

Бир кун аввал Савдо вазирлиги тасарруфидаги ушбу қўмита раиси Қуаниш Эликбоев инновация биринчи навбатда иқтисодий сабабларга кўра жорий қилинаётгани ҳақида айтди. 

Қозоғистонда иккита вақт минтақаси мавжуд - Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Манғистау ва Қизилўрда вилоятларида UTC+5 ва бошқа ҳудудларда UTC+6. Агар қарор кучга кирса, мамлакатда худди Ўзбекистондаги каби ягона UTC+5 вақт минтақаси амал қилади. 

Қарор лойиҳаси 22 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади. 

Маълумот ўрнида, иккита вақт минтақаси Ўзбекистонда ҳам амалда бўлган ва 1991 йил сентябр ойида UTC+5 ягона вақт минтақасига бирлаштирилган.

Мавзуга оид