Ўзбекистон | 17:21 / 14.12.2023
5010
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқариш ҳажми оширилди

Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган вақтинчалик чекловлар сабабли Бухоро ва Фарғона НҚИЗларида ўртача кунлик ёнилғи ишлаб чиқариш миқдори 700 тоннага кўпайтирилди.

Фото: Бухоро НҚИЗ

Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг автобензин ишлаб чиқариш қувватлари 3,3 минг тоннадан 4 минг тоннага оширилди, деб хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Шунингдек, Россиядан импорт асосида «SDK Group And» корхонаси томонидан олиб келинаётган АИ-92 К5 русумидаги автобензин ҳажми ҳам оширилган.

«Ўтган 2022-2023 йилги аномал совуқ давридаги талаблардан келиб чиқиб, Фарғона водийсидаги АЁҚШларга етказиб бериладиган кунлик автобензин ҳажми 400 тоннадан ўртача 800 тоннага оширилди. Бунинг учун талаб этиладиган 7,8 минг тонна автобензин захираси Фарғона водийси учун сафарбар этилди. Юқоридагилардан ташқари, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган автобензиннинг асосий қисми Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилиши таъминланмоқда. Жорий ойнинг 13 санасида «Ўзбекнефтгаз» жамияти томонидан Фарғона водийсидаги АЁҚШларга жами 929 тонна жумладан, Андижон вилоятига 503 тонна, Наманган вилоятига 202 тонна ва Фарғона вилоятига 224 тонна автобензин етказиб берилди», дейилади компания хабарида.

Аввалроқ, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 11 декабрдан бошлаб АИ-80 ва АИ-92 бензинларининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга – кунига 1000 тоннагача ошириши хабар қилинганди.

Мавзуга оид