Ўзбекистон | 12:52 / 18.12.2023
6303
2 дақиқада ўқилади

11 ойда Тошкентда автобуслар билан 94 та ЙТҲ содир бўлди

34 та ҳолатда йўл-транспорт ҳодисалари жамоат транспорти ҳайдовчиларининг айби билан содир бўлган ва уларга чора кўрилган.

Сўнгги 11 ой давомида Тошкентдаги йўловчи транспорти билан боғлиқ ЙТҲ статистикаси очиқланди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ билан ўтган йиғилишда маълумот берилди.

Унга кўра, салкам бир йил давомида автобуслар билан 94 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларнинг 34 таси автобус ҳайдовчиларининг айби билан юзага келган.

Қайд этилишича, йиғилишда масъуллар томонидан ҳайдовчи, чиптачиларга йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлари, йўловчи ташиш қоидаларига қатъий амал қилишлари, ҳаракат давомида телефондан фойдаланмаслик бўйича кўрсатмалар берилган.

Сўнгги вақтларда пойтахтда йўловчи ташувчи транспортлар иштирокида тез-тез ЙТҲ содир бўлмоқда. Аксарият ҳодисалар Тошкентга олиб келинган янги автобуслар билан юзага келмоқда.

Жумладан, 14 декабр куни Учтепа туманида Ютонг русумли электробус йўлдаги музламада бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги симёғочга бориб урилганди.

29 ноябрда Янгиҳаёт туманида Мерcэдез-Бенз русумли автобус юк автомобили билан тўқнашгани сабаб 3 нафар одам жароҳатланганди.

25 ноябрда эса Юнусободда гармошка автобус ва электробус тўқнашганди. 20 ноябрь куни эса Олмазор туманида йўлнинг белгиланмаган қисмидан югуриб келган эркакни автобус уриб юборганди. 11 ноябрнинг ўзида бирданига 2 та автобус ЙТҲга учраганди.

Мавзуга оид