Юк ташиш компаниялари Ямандан ўққа тутиш ҳолатлари туфайли йўналишини ўзгартирмоқда
Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери Яманда Эронга алоқадор ҳусийчи жангчилар Қизил денгиздаги кемаларга бир неча бор ҳужум қилган. Йирик юк ташиш компаниялари юк ташиш йўналишларини ўзгартирмоқда.
Қизил денгиз ва Адан кўрфази ўртасидаги Боб ал-Мандеб бўғозида бир неча ҳафтадан бери Яман ҳусийчилари томонидан ўққа тутилган яна бир кемага ҳужум қилингани айтилмоқда. Воқеа ҳақида 18 декабр, душанба куни Британия денгиз хавфсизлиги агентлиги (UKMTO) хабар берди. AFP маълумотларига кўра, портлаш кемадан тахминан икки денгиз миляси узоқликда содир бўлган.
Хабар қилинишича, ҳодиса АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти жойлашган Баҳрайнга ташрифи чоғида содир бўлган. Пентагон баёнотига кўра, Остин «денгиздаги тажовузга жавобан кўп томонлама коалициялар»ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқчи, у «юк ташиш ва жаҳон иқтисодиёти»га таҳдид солмоқда. Охирги кунларда Британия ва АҚШ ҳарбий кемалари Яманда ҳусийчилар назорати остидаги ҳудуддан учирилган бир нечта жанговар дронларни уриб туширганди.
Йирик юк ташиш компаниялари Сувайш каналидан фойдаланишни тўхтатди
Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти ўртасида уруш бошланганидан бери Яманда Эрон билан боғлиқ ҳусийчи жангчилар Исроилга бир неча бор учувчисиз учоқлар ва ракеталарни учирди ҳамда халқаро савдо учун муҳим йўл ҳисобланувчи Қизил денгиз ҳудудидаги кемаларга ҳужум қилди. Ҳар йили минглаб кемалар Арабистон яриморолининг жануби-ғарбий йўналишида жойлашган Яман ва Африка ўртасидаги Боб ал-Мандеб бўғози орқали ўтади.
Сўнгги кунларда тўртта йирик контейнер ташувчи компания, шу жумладан соҳа етакчиси MSC энди ўз кемалари бўғоз орқали сузиб ўтмаслигини эълон қилди. Европадан Осиёга энг яқин йўл бўлган, глобал юк ташишнинг тахминан 15 фоизи ўтадиган Сувайш каналидан фойдаланиш ўрнига, улар Африкани Яхши Ният бурунидан айланиб ўтишга мажбур бўляпти, бу эса қўшимча харажатлар ва кечикишларга олиб келади.
Reuters хабарига кўра, BP нефт компанияси ҳам Қизил денгиз орқали барча ташишларини вақтинча тўхтатган. Бу эса ҳозиргача асосан саноат юкларини ташишга таъсир қилган инқирознинг энергетика соҳасига ҳам тарқалиши хавфини оширмоқда. Ушбу хавотирлар фонида ҳафта бошида нефт нархи кўтарила бошлади.
Мавзуга оид
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
10:40 / 23.10.2024
Ўзбекистоннинг транзит юк ўтказиш салоҳияти 2030 йилга бориб 4,4 баробарга ортади
12:37 / 27.07.2024
АҚШ ҳусийчиларнинг учувчисиз учоқлари ва денгиз дронлари йўқ қилинганини билдирди
08:30 / 21.07.2024