Ўзбекистон | 13:00 / 25.12.2023
7054
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда сайёҳлар ўртача неча куни қолмоқда?

Ҳозирда вилоятда 600 та меҳмонхона маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

Фото: Kun.uz

2023 йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилоятига 4,5 млн нафар маҳаллий ва 2 млн 150 минг нафар хорижий сайёҳ келган. Натижада туристик хизматлар экспорти 405,9 миллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда вилоят туризм бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йилда хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этган. 2022 йилда бу кўрсаткич ўртача 1,5 кунни ташкил этган. Жорий йилда 1,8 баравар бўлган.

Ҳозирги пайтда Самарқанд вилоятида 16 286 ўринли 600 та меҳмонхона сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Улардан 25 та меҳмонхона, 36 та ҳостел ва 53 та оилавий меҳмон уйлари 2023 йилда иш бошлаган.

Шунингдек, вилоятда 83 та туристик ташкилот (68 та туроператор ва 15 та турагентлар) фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 281 тага етказилган.

Сайёҳларнинг вилоятда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласига Туризм маҳалласи, Бозоров кўчасига Туризм кўчаси ҳамда Ургут туманидаги Терсак қишлоғига Туризм қишлоғи мақоми берилган ҳамда Санъат галереяси, Халқаро туризм академияси каби янги туризм объектлари фаолияти йўлга қўйилган.

Самарқанд вилоятига ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун вилоятда 300 дан ортиқ маданий кўнгилочар тадбирлар, 50 дан ортиқ конференция, форум, саммит ҳамда халқаро тадбирлар ўтказилган.

Қайд этилишича, 2024 йилда Самарқанд вилоятига келадиган хорижий сайёҳлар сонини 2,5 млн нафарга, туризм хизматлари экспорти 500 млн долларга етиши кутилмоқда.

Мавзуга оид