Латвия маст ҳайдовчилардан олиб қўйилган 271 та автомобилни Украинага топширди
Феврал ойидан бошлаб Латвияда маст ҳайдовчилардан мусодара қилинган автомобилларни Украинага жўнатиш имконини берувчи тузатишлар кучга кирди.
2023 йил февралидан бери Латвия маст ҳолда ҳайдагани учун фуқаролардан мусодара қилинган 271 та машинани Украинага топширди. Бу ҳақда 24 декабр куни Delfi Латвия Республикаси Давлат даромад хизматига таяниб хабар берди.
Украинага ўтказилган машиналарнинг умумий қиймати 900 минг евродан ошади. 160 минг еврога тенг яна 34 та машинани бериш масаласи кўриб чиқилмоқда, дея аниқлик киритди нашр.
Феврал ойида Латвия Сейми Украинанинг тинч аҳолисини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритди. У Латвияга Украина Қуролли кучлари ва урушдан жабрланган украиналикларга ёрдам бериш учун мусодара қилинган автомашиналарни Украина ҳукумати мулкига топширишга имкон беради.
Латвияда маст ҳолда ҳайдаганлик учун жазо сифатида автомашинани мусодара қилиш аввал ҳам қўлланган – республикада тегишли қонун 2022 йилнинг ноябридан бошлаб амал қилади. Бироқ, автомашиналарни топшириш орқали Латвия ҳукумати Украинани Россияга қарши курашда қўллаб-қувватламоқчи.
Латвия Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирмоқда
Ноябр ойи ўрталарида Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс Украинага Ғарб давлатларидан ёрдам кўрсатишнинг камайиши кузатилганига эътибор қаратди, бу бошқа нарсалар қатори Фаластин-Исроил можаросининг кучайиши фонида бошланган.
Ринкевичс украиналиклар мағлуб бўлмаслиги ва Россияни келажакда бошқа давлатларга таҳдид солмаслиги учун мамлакатларни Киевни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этишга чақирди. «Халқаро тинчлик ва Европада тинчлик учун ҳақиқатдан ҳам курашиш муҳим, чунки агар биз Украинада Россияни тўхтатсак, Россия бошқа давлатларга қарши чиқа олмайди», деди у Associated Press'га.
Ринкевичснинг таъкидлашича, Россия ўз иқтисодиёти, ресурслари ва ҳарбий техникасини «жуда узоқ уруш учун» сафарбар қилмоқда. Рига Латвия навбатдаги ҳарбий нишонларидан бирига айланишидан хавотирда, айниқса Россия раҳбариятининг республика расмийлари русийзабон аҳолига нисбатан гўёки ёмон муносабатда бўлаётгани ҳақидаги баёнотлари фонида.
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024