Сурхондарё вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари 8,5 йилга қамалди
Рустам Пардаев муқаддам Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган, шунингдек Денов ва Қизириқ туманларига ҳокимлик қилган.
2023 йил 7 декабр куни жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди биносида очиқ суд мажлисида (раислик қилувчи О.Бегимқулов) жиноят ишини кўриб чиққан.
Суд ишида Рустам Убодуллаевич Пардаев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Рустам Убодуллаевич Пардаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил-у 6 ой муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши, жазони ўташ муддати 2023 йил 5 июл кунидан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.
Маълумот учун, Рустам Пардаев ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди, 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 28,209-моддаси 2-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари, 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланган эди.
Олий суд хабарига кўра, ҳозирги кунда Р. Пардаев ва унинг ҳимоячилари томонидан биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриш учун расмийлаштирилмоқда.
- Рустам Пардаев – 1979 йил 7 апрел куни Қизириқ туманида туғилган. Муқаддам турли йилларда «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик тижорат банки Жарқўрғон тумани, Сурхондарё вилояти филиаллари раҳбари, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.
- 2019 йил майидан 2020 йил ноябрига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган, 2020 йил охиридан 2022 йил бошига қадар Денов тумани ҳокими лавозимида, 2022 йил февралидан Қизириқ тумани ҳокими лавозимида ишлай бошлаган, Сурхондарё вилояти ҳокими ўзгаргач, 2023 йил январида бошқа ўндан ортиқ ҳоким қатори ишдан олинган, сўнгги вақтларда «Ўзагросуғурта» АЖ Сурхондарё вилоят филиали бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.