Жаҳон | 14:05 / 29.12.2023
10588
3 дақиқада ўқилади

Эрон тўрт исроиллик диверсант қатл этилганини эълон қилди

Эроннинг Mizan агентлиги таъкидлашича, қатл этилганлар Исроил махсус хизмати - «Моссад»да ишлаган диверсантлар гуруҳи аъзоларидир.

Фото: AP

Эронда Исроил миллий разведка хизмати - «Моссад» билан алоқадор тўрт нафар диверсант қатл этилди, деб хабар бермоқда Reuters 29 декабр, жума куни Эроннинг Mizan ахборот агентлигига таяниб.

Эрон агентлигининг хабарида таъкидланганидек, бу шахслар «мамлакат хавфсизлигига қарши кенг кўламли ҳаракатлар содир этган» ва уларнинг қатл этилишидан олдин суд жараёни бўлиб ўтган. Хабар эълон қилинган пайтда Исроил томони бу хабарга изоҳ бермади.

Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, Эрон 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум уюштирган ҲАМАС ташкилотини қўллаб-қувватламоқда. Бироқ Теҳрон бу воқеага алоқадорлигини рад этади.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 21 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Нетаняҳу Ғазодаги урушни тугатиш учун учта шартни айтди

25 октябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСга қарши уруш узоқ давом этишини ва гаровга олинганларни озод қилиш учун Фаластин ташкилотига ҳарбий босимни кучайтириш зарурлигини айтди. Шу куни The Wall Street Journal газетасида чоп этилган рукнда Исроил бош вазири Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг учта шартини айтиб ўтди: ҲАМАСни йўқ қилиш, Ғазо секторини қуролсизлантириш ва дерадикализация қилиш.

Мавзуга оид