Жаҳон | 22:47 / 29.12.2023
14811
8 дақиқада ўқилади

Украина шаҳарларига ракета зарбаси, КХДР провокацияси, Трампга навбатдаги тақиқ — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазода тобора кенгайиб бораётган ҳужуми натижасида минглаб фаластинлик оилалар Миср чегараси томон қочмоқда. Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг марказий иқсмидаги Бурайж ва унга қўшни аҳоли пунктларини жанубга эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ беришган.

БМТ маълумотларига кўра, Ғазонинг марказида 150 мингдан ортиқ тинч аҳолининг борадиган жойи йўқ.

Ғазода 7 октябрдан буён Исроил аргессияси туфайли қурбон бўлганлар сони 21 минг 110 кишига етди. Уларнинг 8 минг 800 нафари ёш болалар, 6 минг 300дан ортиғи аёллардир.

Шунингдек, Ғазода ўлдирилган журналистлар ва ОАВ ходимлари сони ҳам 105 нафарга етган. Ҳалок бўлган журналистларнинг сўнггиси Ғазонинг шимолида Исроил ўқига учган «Қудс ал-Юм» телеканали фотожурналисти Аҳмад Хайруддин бўлди. У билан бирга оиласининг айрим аъзолари ҳам бўлган, улар ҳам ҳалок бўлишган.

UNICEF Ғазо секторида Исроил ҳужумларидан ярадор бўлган 1000 га яқин ёш болаларнинг қўл ёки оёқлари анестезиясиз кесиб ташланганини маълум қилди.

Шифохоналарда аллақачон дори-дармонлар ва тиббиёт мақсадларида фойдаланиладиган буюмлар тугаган. Шунингдек, қамалдаги Ғазо секторида болалар турли касалликларга қарши эмланмай қўйган.

Исроил аскарлари Ғазода инсонпарварлик конвойига қарата ўт очган. Бу ҳақда Фаластин қочқинларига ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича БМТнинг Яқин Шарқдаги агентлиги директори Томас Уайт маълум қилган.

Уайтнинг қайд этишича, конвой Исроил армияси томонидан белгилаб берилган йўналиш бўйича ҳаракатланаётган чоғда ҳужумга учраган. Фақат битта машинага талафот етказилган, жабрланганлар йўқ, деган Уайт.

«Инсонпарварлик ташкилотлари ҳеч қачон қурол нишонига айланмаслиги керак», — деган Томас Уайт. 

Исроил ва АҚШга ҳужум

Ироқдаги қаршилик кучлари АҚШнинг Суриядаги газ конларига ҳужум қилмоқда. «Ироқ ислом қаршилиги» ҳаракати, АҚШнинг Суриядаги Конико ҳарбий базасига ҳужум қилган. Бу ҳудуд Курдистон ишчи партияси террорчилари назорати остида.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яқин кунлар ичида Суриядан туриб ёпирилма ҳужумлар бўлиши ҳақида ахборотга эга эканини айтди.

Бу ҳужум Сурияга оғир оқибатлар олиб келишига шама қилиб, «Мен Башар Асадни Эроннинг ўйинидан чиқиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантираман», деган Нетаняҳу.

New York Times нашри ҲАМАСнинг ҳарбий қудрати таназзулга учраганининг бирор бор белгиси йўқлигини ёзган. Нашр ўз мақоласида ҲАМАСнинг имкониятларини тўлиқ тушунтириб чиққан ва Исроилнинг ушбу ҳаракатнинг жанговар қанотини йўқ қилиш мақсадини «фантазия» деб атаган. 

Украина шаҳарларига ракета ҳужуми

Россия Украина шаҳарларига қанотли ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Киев, Харкив, Лвив, Днепр, Запорижжя ва Одесса шаҳарларидаги объектлар ва тураржойларда портлашлар рўй берган. Суми областининг Конотоп шаҳарчасида ҳам кучли портлаш юз берган. Тернопол областида ҳам зарба берилган объектлар бор.

Биргина Харкив шаҳрида 20 тача С-300 ва Х-22 ракеталари келиб урилган. Ракеталар ҳавога парвоз қилган камида 9 та ТУ-22М3 ва камида 11 та ТУ-95MC бомбардимончи самолётлари томонидан амалга оширилгани айтилмоқда.

Зарбалар натижасида асосан ижтимоий соҳа объектлари зиён кўрган. Масалан, Киевда тураржой бинолари, метро станцияси, автомобиллар ва дўконларга зарар етган. Днипрода ракеталар савдо маркази ва туғуруқхонага урилган.

Ушбу ракета ҳужуми 2023 йилда Россия томонидан Украинага ҳудудига берилган энг кўламли зарбага айланиши мумкин. Бу Украина кучлари томонидан Қримдаги Феодосия портида «Новочеркасск» катта десант кемасининг чўктирилиши учун интиқом олиш бўлиши мумкин.

Бомбалашлар натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, ўнлаб инсонлар яраланган. Айрим жойларда бинолар вайроналари остида одамлар қолган. 

Эронлик генералнинг ўлдирилиши

Ислом инқилоби олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Сурияда исроил кучлари томонидан ўлдирилган генерал Сайид Розий Мусавийнинг жанозасини шахсан ўзи ўқиб берди.

Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-майор Бағирий Сайид Розий Мусавийнинг ўлдириши борасида кескин баёнот берди.

«Яқиндаги бўлган воқеалардаги мағлубиятдан эсанкираб қолган Исроилнинг жиноятчи етакчилари Сайид Розийни ўлдириб, стратегик хатога йўл қўйишди. Уларнинг бу жиноят жавобсиз қолмайди», деган генерал Бағирий.

Трамп узра қора булутлар

АҚШда иккинчи штат Доналд Трампни президентлик сайловларидан четлаштирди. Пайшанба куни Мэн штати Колорадодан сўнг келгуси йил бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг дастлабки босқичида Доналд Трампнинг иштирокини тақиқлаган иккинчи штат бўлди.

Штатнинг давлат котиби демократ Шенна Беллоуз хоним Трамп 2021 йилнинг 6 январида ўз тарафдорларини Капитолийни ишғол қилишга бошлагани учун Конституциянинг 14-тузатмасига кўра сайловда қатнаша олмайди, деган хулосага келган. Бу тақиқларнинг барчаси ҳали дастлабки хулосалар. Якуний қарорни АҚШ олий суди айтади. Агар Олий суд тақиқни маъқулласа, Трамп сайловлардан бутунлай четлаштирилади. 

КХДР провокация тайёрламоқда

Шимолий Корея АҚШ сайловларига провокация тайёрламоқда.

Жанубий Корея разведка агентлиги келгуси йилнинг бошида Россиянинг иттифоқчиси бўлмиш Шимолий Корея ҳарбий ва кибернетик провокациялар бошлашини хабар қилмоқда. Бунга сабаб қилиб АҚШ ва Жанубий Кореяда сайловлар ўтадиган чоғда КХДР ўз нуфузини оширишга уриниб кўриши кўрсатилмоқда.

Жанубий Корея разведка агентлиги ўз шимолий қўшнисидан келаётган таҳдидлар ҳақида баёнотларни камдан кам ҳолатда эълон қилади. Бу баёнот Ким Жонг Иннинг ҳукмрон партия мажлисида ўз мамлакати ядровий арсеналини кенгайтиришни ваъда қилгани фонида эълон қилинмоқда.

КХДР раҳбари Ким Жонг Ин эса ўша мажлисда ҳарбийларга урушга тайёргарлик кўришни тезлаштиришни ҳам буюрган.

Шимолий Корея етакчиси ҳарбийлар, саноат ва ядровий қуроллар секторига «АҚШнинг мисли кўрилмаган қарши қадамлари» сабабли урушга тайёргарлик кўришни буюрган. 

Минага тўқнашган кема

Қора денгизда фуқаролик кемаси Россия минасига урилиб портлади. Панама байроғи остида сузаётган кема ғалла ортиш учун Дунай портларидан бирига кетаётган чоғда унинг йўлидан Россия томонидан ўрнатилган мина чиқиб қолган. Мина портлаши натижасида икки денгизчи жароҳатланган. Кема эса бошқарувни йўқотган, юқори палубада ёнғин юзага келган. Гарчи кемага жиддий шикаст етмаган бўлса-да, кема капитани мажбурликдан уни саёзлик томон ҳайдаган. У тез орада портга келтирилади. 

Қурол-яроғ ишлаб чиқариш

Геосиёсий таранглик дунё бўйлаб рекорд даражадаги мудофаа буюртмаларига олиб келган. Дунёдаги етакчи мудофаа саноати компанияларининг буюртма портфели сўнгги икки йил ичида 10 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткичларга етмоқда. 2022 йил охирида 15 та йирик компаниянинг бажарилмаган буюртмалари 777 млрд долларни ташкил этган бўлса, биргина 2023 йилнинг дастлабки олти ойида эса 764 млрд долларга етган. 

Сиздан угина — биздан бугина

Озарбойжон Франциянинг икки дипломатини персона нон-грата деб мамлакатни тарк этишини талаб қилиши ортидан Франция ҳам озарбойжонлик икки дипломатга чиқиш эшикларини кўрсатди.

Аввалроқ Озарбойжон ҳукумати икки француз дипломатини мамлакатда «исталмас шахс» сифатида депортация қилган эди. Улар «ўз мансаблари ваколатига тўғри келмайдиган ишлар» билан шуғуллангани даъво қилинган.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги ўз пресс релизида Озарбойжоннинг француз дипломатларига қўйган эътирозини мутлақо рад этишини маълум қилган.

Мавзуга оид