Ўзбекистон | 10:14 / 05.01.2024
6781
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «қизил» тоифага киритилган мактаблар сони камайди

“Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1526 тадан 404 та камайтирилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, 2023 йилда инвестиция ва бошқа қўшимча дастурлар доирасида 563 та мактабда қуриш-таъмирлаш амалга оширилди ва 120 мингга яқин янги ўқув ўринлари яратилди. Қарийб 115 минг ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланди.

11-синф битирувчиларининг 12 минга яқини олтин, 2 мингдан ортиғи кумуш медал билан тақдирланди.

Бошланғич синфлар учун қарийб 500 номдаги, бошқа синфлар учун Кембриж, Клетт, Дидьер халқаро нашриётларининг маҳаллийлаштирилган 88 номдаги дарсликлари татбиқ этилди. Ўқувчилар учун 63 млн нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилди.

Мактаб ўқувчилари 5 та энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида жами 13 та, бошқа халқаро олимпиадаларда 52 та медални қўлга киритди.

Инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 415 тага, улардаги ўқувчилар сони 736 нафарга етказилди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 153 нафари уй-жой билан таъминланди.

Мактаб битирувчиларнинг ОТМга киришдаги ўртача бали 77,1 баллга етказилди, давлат гранти ўринларининг 77 фоизи мактабларни жорий йил битирганлар ҳиссасига тўғри келди.

Мавзуга оид