Жаҳон | 10:50 / 06.01.2024
6176
2 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари: Украинага ёрдам - ЕИ кенгашининг устувор йўналиши 

«Биз зудлик билан Украинага молиявий ёрдамимизни барқарорлаштириш учун олдинга силжишимиз керак», деди фон дер Ляйен.

Фото: Picture Alliance

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинага макромолиявий ёрдамни Белгиянинг Европа Иттифоқи кенгашига раислигида «энг стратегик» устувор йўналишлардан бири деб атади. «Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги тарихий қарордан сўнг, биз зудлик билан бу давлатга молиявий ёрдамимизни барқарорлаштиришга ҳаракат қилишимиз керак», деди фон дер Ляйен 5 январ, жума куни Брюсселда Белгия бош вазири Александр Де Кроо билан қўшма матбуот анжуманида

Унинг таъкидлашича, Еврокомиссия ЕИ кенгашига 2024-2027 йилларга мўлжалланган янгиланган ЕИ бюджети доирасида Украина учун жамғарма бўйича консенсусга эришилишини таъминлайдиган «оператив ечимлар»ни таклиф қилади. Фон дер Ляйенга кўра, Украина учун ушбу жамғарма ЕИнинг узоқ муддатли бюджетини қайта кўриб чиқиш марказий элементи ҳисобланади. 

Евроиттифоқнинг бюджет бўйича саммити 1 февралга белгиланган 

Белгия 1 январдан бошлаб Европа Иттифоқи кенгашига раислик қиляпти, у олти ойлик режалаштирилган ротацияда Испанияни алмаштирди. Европа Иттифоқининг узоқ муддатли бюджети ва Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратилиши каби масалалар яқин ҳафталарда аниқлаштирилиши керак. Испаниянинг Европа Иттифоқи кенгашига раислиги даврида бу борада келишувга эришилмади. 

2023 йил 14-15 декабр кунлари бўлиб ўтган ЕИ саммитида Еврокенгаш Венгрия позицияси туфайли Европа Иттифоқининг 2024-2027 йилларга мўлжалланган бюджетига Украинага 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи тузатишларни тасдиқлай олмади. Кейинроқ Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел 2024 йил 1 февралда навбатдан ташқари саммит ўтказилиши режалаштирилганини, унда Европа Иттифоқи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари бюджетни ҳисобга олган ҳолда Украинага макромолиявий ёрдам кўрсатишни қайта кўриб чиқишга қайтишини маълум қилди.

Мавзуга оид