Ўзбекистон | 14:53 / 08.01.2024
10897
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ободонлаштириш бошқармаси мансабдорларига жиноий иш қўзғатилди

Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ва бошқалар эҳтиёжманд оилалар учун қурилиш материаллари сотиб олишда катта миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Бошқарма бошлиғи Рахмат Омонов суд ажрими билан лавозимдан четлаштирилган.

Фото: Kun.uz

Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Kun.uz манбасига кўра, давлат бюджетга етказилган зарар миқдори қарийб 1 млрд сўмни ташкил қилади.

Таҳририятда мавжуд бўлган ҳужжатларда кўринишича, бошқарма мансабдор шахслари эҳтиёжманд аҳолига берилиши кўзда тутилган қурилиш материалларини қиммат нархларда харид қилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 февралдаги “Хоразм вилоятида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Урганч шаҳридаги эҳтиёжманд аҳоли учун 5 млрд 117 млн сўмлик қурилиш материаллари сотиб олинган. Ушбу қурилиш материаллари текширилганида, улар жами 553 млн 673 минг сўмга қиммат нархларда харид қилингани ҳамда қурилиш материалларидан 159 млн сўмлик камомадга йўл қўйилгани аниқланган.

Шунингдек, бошқарма мансабдор шахслари томонидан шаҳардаги “Авесто” мажмуасини бузиб олишда қурилиш материаллари талон-торож қилингани ҳам айтилмоқда.

Урганч шаҳар прокурорининг илтимосномасига асосан Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2024 йил 8 январдаги ажрими билан бошқарма бошлиғи Рахмат Омонов ўз лавозимидан четлаштирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид