Жаҳон | 21:48 / 12.01.2024
9633
2 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб ёшлар ўртасида саратон касаллиги ортиб бормоқда 

Шифокорлар саратон касаллигининг кўпайишига кўпинча ёшларнинг турмуш тарзи таъсир қилади, деб тахмин қилмоқда. 

Фото: Alamy

Олимларнинг фикрича, дунё бўйлаб ёшлар ўртасида саратон касаллиги кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда BMJ Oncology илмий журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб The Wall Street Journal ёзди. 

Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, Қўшма Штатларда саратон касаллигига чалиниш даражаси 20 йил ичида 12,8 фоизга ошган - 2019 йилда у 50 ёшгача бўлган 100 минг кишига 107,8 тани ташкил этган. Ваҳоланки, 2000 йилда бу кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 95,6 ҳолатни ташкил этган эди. BMJ Oncology маълумотларига кўра, 50 ёшгача бўлган саратон касаллигига чалинганлар сонининг кескин глобал ўсиши биринчи навбатда Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Австралияда кузатилмоқда. 

Шифокорлар, ёшларда саратон касаллигининг кўпайишига кўпинча одамларнинг турмуш тарзи - жисмоний фаолликнинг камайиши, қайта ишланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, янги заҳарли моддалар таъсири ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда деб тахмин қилишяпти. Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, семириш ва муайян турмуш тарзи тенденцияни тўлиқ тушунтириб бера олмайди. 

«Беморлар ёшармоқда. Эҳтимол, бу атроф-муҳитнинг қандайдир ўзгариши, озиқ-овқат, дори-дармонлар ёки биз ҳали аниқламаган нарсалар таъсири бўлиши мумкин», деди доктор Андреа Черчек. У Ню-Йоркдаги Memorial Sloan Kettering саратон марказида ошқозон-ичак саратонини илк босқичларда аниқлаш дастурига раҳбарлик қилади. Унинг сўзларига кўра, саратон энди «кексалар касаллиги» эмас. 

Саратон ташхислари орасида сўнгги йилларда касалланишнинг ёш чегараси пасайиб бормоқда: масалан, 2019 йилда йўғон ичак, ошқозон ости бези, аппендикс, ошқозон ва бачадон саратони аниқланган беморларнинг 20 фоизи 55 ёшдан кичик бўлган. 

Мавзуга оид