Жаҳон | 15:37 / 16.01.2024
3917
3 дақиқада ўқилади

БМТ: украинларга гуманитар ёрдам учун 4,2 млрд доллар керак

БМТ донорлардан Украина ва Европа минтақасида 2024 йилда гуманитар ёрдамга муҳтож 10,8 миллионга яқин аҳолини қўллаб-қувватлаш учун маблағ сўради.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ҳамкорлари донорлардан 2024 йилда Украинадаги урушдан жабр кўрганларни, шунингдек, украиналик қочқинлар ва уларни қабул қилувчи минтақадаги мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун 4,2 миллиард доллар (тахминан 3,8 миллиард евро) ажратишни сўради. Умуман олганда, гап «Украина ва Европа минтақасида энг катта эҳтиёжга эга бўлган 10,8 миллионга яқин аҳолига» ёрдам кўрсатиш ҳақида кетмоқда, дейилади БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ва БМТ Олий комиссарининг қочқинлар бўйича бошқармаси (UNHCR) қўшма пресс-релизида. У душанба, 15 январ куни эълон қилинди.

«Фронт чизиғи бўйлаб яшовчи юз минглаб болалар қўрқиб қолган, жароҳат олган ва ўзининг асосий эҳтиёжларини қондира олмаяпти. Бунинг ўзи бизни Украинага кўпроқ гуманитар ёрдам кўрсатиш учун қўлимиздан келганини қилишга мажбурлаши керак», - деди БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва БМТ фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс.

Сўралган маблағлар орасида мамлакатда қолган 8,5 миллион муҳтож украиналикларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 3,1 миллиард доллар бор. Украинадаги гуманитар эҳтиёжларга реакция билдириш OCHA томонидан мувофиқлаштирилади. Яна 1,1 миллиард доллар 2,3 миллион қочқин ва уларни қабул қилувчи жамиятларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши режалаштирилган, у UNHCR томонидан мувофиқлаштирилади.

Украинада 14,6 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож

Жорий йилда, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Украинада 14,6 миллиондан ортиқ киши, яъни мамлакат аҳолисининг 40 фоизи Россиянинг кенг кўламли ҳужуми туфайли инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Тахминан 6,3 миллион киши мамлакатни тарк этиб, асосан Европада қочқин сифатида яшамоқда. Бироқ, «қочоқларнинг атиги 40 фоиздан 60 фоизигача, кўпинча паст малака талаб этиладиган ишларда ишлайди ва кўплари етарли яшаш воситаларига эга бўлмаган ҳолда заиф бўлиб қолмоқда».

«Мезбон давлатлар ҳимоя тақдим этиш ва уларни маҳаллий ҳамжамиятларга киритишни таъминлашда давом этмоқда, аммо кўплаб заиф қочқинлар ҳали ҳам ёрдамга муҳтож, - деди БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссари Филиппо Гранди. - Уларга чет элда яхши яшай олмаётгани учун уйига қайтиш бўйича босим ўтказмаслик керак». 

Мавзуга оид