АҚШ ҳарбийлари ҳусийчилар учун Эрондан жўнатилган қурол партиясини қўлга олди
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан 11 январ куни ўтказилган операция давомида Эронда ишлаб чиқарилган ракеталарнинг таркибий қисмлари қўлга олинди, деб хабар берди АҚШ қўмондонлиги. Унга кўра, ҳусийчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужум қилиш учун худди шу қуроллардан фойдаланган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ямандаги Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар учун мўлжалланган илғор қурол тизимларига Эрон компонентларининг катта партиясини қўлга олди, деб хабар берди 16 январ, сешанба куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM).
CENTCOM’нинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган баёнотда айтилишича, АҚШ денгиз флотининг Navy Seals махсус операциялар кучлари жангчилари 11 январга ўтар кечаси вертолётлар ва учувчисиз учоқлар ёрдамида Араб денгизи халқаро сувларида Сомали қирғоқлари яқинида кичик қайиққа чиққан. Ҳарбийлар баллистик ва қанотли ракеталар учун Эронда ишлаб чиқарилган компонентларни, жумладан, ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракеталар ва кемаларга қарши қанотли ракеталар учун ҳаракатлантирувчи, йўналтирувчи ускуналар ва каллакларни, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларида қўлланадиган компонентларни мусодара қилди.
«Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатадики, худди шу қуроллар ҳусийчилар томонидан Қизил денгиз орқали ўтаётган халқаро савдо кемаларида бегуноҳ денгизчиларга таҳдид ва ҳужум қилиш учун ишлатилган», деб хабар берди АҚШ қўмондонлиги. Қайд этилишича, бу Яман исёнчилари томонидан 2023 йил кузида кемаларга ҳужумлар бошланганидан бери ҳусийчилар учун мўлжалланган Эронда ишлаб чиқарилган замонавий қуролларни тортиб олиш билан боғлиқ биринчи ҳолатдир.
Қайиқ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан хавфли деб чўктирилган ва унинг 14 кишидан иборат экипажи қўлга олинди.
Яман атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши
Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилари 2023 йил ноябридан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда. Гуруҳ ўз ҳаракатларини Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларига норозилик деб атади ва Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум қилишга ваъда берди. Айни пайтда, нафақат ҳарбий кемалар, балки турли давлатларнинг савдо кемалари ҳам ҳусийчиларнинг нишонига айланмоқда.
12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия Нидерландия, Канада, Австралия ва Баҳрайн кўмагида Ямандаги ҳусийчилар объектларига йирик зарбалар берди. Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги радар қурилмалари, омборлар, учувчисиз учоқлар ва ракеталар учун учириш майдончалари ҳамда ҳусийчилар қўмондонлик марказлари нишонга олинганини билдирди. Бир кун ўтиб, Ямандаги ҳусийчилар позициялари АҚШнинг янги ҳужуми нишонига айланди. Пентагон аниқлик киритишича, ҳусийчилар томонидан фойдаланилган радар қурилмасига зарба берилган. У Tomahawk қанотли ракеталари томонидан амалга оширилган ва «ҳусийчиларнинг денгиз кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини заифлаштириши керак», дея таъкидлаб ўтди АҚШ мудофаа вазирлиги.
АҚШ президенти Жо Байден агар ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатмаса, яна зарбалар беришни буюриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024