Жаҳон | 13:34 / 17.01.2024
3807
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Киевга ёрдам бўйича «конструктив» музокараларга тайёр

Европа Иттифоқининг барча 27 давлати ҳозир Украинага 50 миллиард евро ажратиш масаласи устида ишламоқда, деди Белгия Молия вазирлиги раҳбари. Венгрия Брюсселдаги молиялаштириш бўйича муҳокамаларга қўшилди.

Фото: EPA

Европа Иттифоқи алянснинг барча аъзолари билан биргаликда Украинага 50 миллиард еврогача бўлган махсус ёрдам жамғармасини яратиш механизми устида ишламоқда. Бу ҳақда 16 январ, сешанба куни ЕИ кенгашига раислик қилаётган Белгия бош вазири ўринбосари ва молия вазири Винсент ван Петегем маълумот берди.

«Белгия раислиги 27 давлат билан биргаликда ечим устида ишламоқда. Бу, албатта, бизнинг энг яхши вариантимиз. Аммо имконсиз бўлса, албатта, муқобил ечим устида ишлаймиз», - деди Ван Петегем Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича кенгаши мажлиси олдидан. У «украиналик дўстларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш» муҳимлигини таъкидлади. 

Европа комиссиясига кўра, Украинага ёрдам жамғармаси 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатиши керак. Бироқ 2023 йил декабрида Венгрия бош вазири Виктор Орбан Киевга ёрдамга вето қўйди. Ўшандан бери Брюссел бу блокадани олиб ташлаш йўлини топишга ҳаракат қилмоқда. 

«Биз Венгрия Украинани молиялаштириш бўйича муҳокамага қўшилмаслигидан хавотирда эдик, бироқ у бундай қилмади ва конструктив музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди ҳамда бошқа вазирларга қарор бир овоздан қабул қилиниши кераклигини эслатди», деди Европа Иттифоқи расмийси DW нашрига учрашувлар чоғида. 

Будапешт вето қўйса, «Б режаси» борми?

«Муқобил ечим муҳокама қилинмаяпти», - дея аниқлик киритди Белгия вазири DW томонидан кенгаш йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан.

Аввалроқ ОАВда Венгрия Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратиш масаласида вето ҳуқуқидан фойдаланса, ЕИнинг режаси борлиги ҳақида хабар берганди. Мисол учун, ҳар бир ҳукуматдан алоҳида ёрдам пакетлари бўлиши мумкин. Аммо Европа Иттифоқи кенгаши ҳам, Европа комиссияси ҳам таклиф қилинган режа бўйича консенсусга эришиш зарурлигини таъкидламоқда. 

Киевга макромолиявий ёрдам миқдори ва уни тақдим этиш шакли бўйича якуний қарор Европа кенгашининг 1 февралдаги навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Шу кунгача Европарламент, Еврокомиссия ва ЕИ кенгаши Украинага макромолиявий ёрдам кўрсатиш бўйича дастлабки музокараларни якунлаши керак, дея хабар берди DW манбалари. Улардан бири ушбу давр учун Еврокомиссия ва Будапешт ўртасида ҳам музокаралар режалаштирилганини таъкидлади, Венгрия ушбу битимдан ўзи учун имкон қадар кўпроқ фойда олиш ниятини яширмаяпти. 

Мавзуга оид