Жаҳон | 08:35 / 18.01.2024
3846
3 дақиқада ўқилади

Байден Конгрессни Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди

Конгресснинг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича чора кўрмагани АҚШ, НАТО ва қолган эркин дунёнинг миллий хавфсизлигини хатар остига қўяди, деди Жо Байден.

Фото: Shawn Thew / EPA / ТАСС

Конгресснинг Украинага кейинги ҳарбий ёрдам бўйича ҳаракат қилмаётгани «АҚШ, НАТО иттифоқи ва бошқа эркин дунёнинг миллий хавфсизлигини хатар остига қўяди». Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Конгресснинг бир қатор қўмиталари раҳбарияти билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар берди 17 январ, чоршанба куни Оқ уй матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Байден Вакиллар палатаси ва Сенатдаги разведка, қуролли кучлар ва молиялаштириш бўйича қўмиталар, шунингдек, Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси ва Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитаси раислари ва аъзолари билан Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини муҳокама қилган. У Конгресс Украинага «Россия ҳужумидан ҳимояланиш учун зарур бўлган ресурслар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва артиллерия» олишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. «Президент Конгрессни Украинани қўллаб-қувватлаш учун тезда қўшимча маблағ ажратишга ва АҚШнинг қатъийлиги ҳақида кучли сигнал беришга чақирди», деб маълумот берди Оқ уй. 

Шу билан бирга, Байден Сенатдаги икки партияли музокаралар чоғида АҚШ чегараларини ҳимоя қилиш бўйича эришилган ютуқлар уни руҳлантирганини айтди. Бир кун аввал АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Украина президенти Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган учрашувда уни Россиядан ҳимоя қилиш учун мамлакатига ёрдам бериш давом этишига ишонтирди. 

АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами

7 январ АҚШ Конгрессидаги Демократик ва Республикачилар партиялари вакиллари ҳукуматнинг 2024 йилги бюджети бўйича келишиб олди. Америка қонун чиқарувчи органи ҳар икки палатасининг тегишли қўмиталари томонидан қабул қилинган мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 300 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган. Қонунчилар, агар керак бўлса, 2025-молия йилида ҳам худди шундай эҳтиёжлар учун 300 миллион ажратиш ниятида. Умуман олганда, Киевга ёрдам 2026 йил охиригача узайтирилди.

2023 йилда, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинага умумий қиймати 24 миллиард доллардан ортиқ бўлган 34 та ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этган. 

Мавзуга оид