Жамият | 13:18 / 23.01.2024
46627
3 дақиқада ўқилади

Оққўрғонда икки эркак “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйди

Улар “жин чиқариш”да болға, темир қозиқ, темир занжир каби предметлар билан аёлни қийнаган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида икки эркак “жин чиқариш” пайтида 1981 йилда туғилган аёлни ўлдириб қўйди. Воқеа 2023 йилнинг июл ойида содир бўлган.

Бу ҳолат 2023 йилнинг 22 декабр куни жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмида келтирилишича, айбланувчи 35 ёшли Раҳим Болтабоев ҳамда 44 ёшли Юсуф Тўрахўжаев 2023 йилнинг 16 июл кунидан 20 июл кунигача алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жиноий тил бириктирган. Икки эркак Оққўрғон туманининг Қаҳрамон маҳалласида яшовчи 42 ёшли аёлнинг уйига бориб, уни ичига “жин кириб қолгани”га ишонтиришган. Сўнгра “жинни чиқариш” учун “дам солиб”, муолажа ўтказиш кераклигини айтишган.

Эркаклар 1 млн сўм эвазига “жинни чиқариб” беришни айтиб, ҳар куни соат 5:00 ларда аёлнинг уйига борган ва бир соат давомида гўёки “жин чиқариш” билан шуғулланишган. “Муолажа” пайтида улар ўзлари билан олиб келган болға, темир қозиқ, темир занжир каби буюмлар билан аёлнинг кўкрак қафаси, қорин қисми, иккала қўл ва оёқ соҳаларига куч ишлатишган. Бу орқали аёлга унинг ўлимига сабабчи бўлган оғир тан жароҳати етказишган. Жароҳатлар оқибатида аёл 2023 йил 20 июл куни ўзининг яшаш хонадонида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлда “кўкрак ёпиқ жароҳати, чап томонлама 2 ва 3 қовурғасининг ўмроқ ўрта чизиғи бўйлаб синиб, силжиши, қорин ёпиқ жароҳати, 2 та буйрак, ошқозон, ичак ва қорин деворларига қон қуйилиши, кўндаланг чамбар ичак йиртилиши, ички қон кетиши, гемоперитонеум, постгеморрагик ва постравматик шок, пастки лаб чап томонидаги, энгак сохаси ўнг томонидаги, кўкрак қафаси олд юзаси тўш устки соҳасидаги, чап елка камари олд юзасидаги, қорин олд девори оқчизиғи бўйлаб киндик устидаги, чап сон ички юзасидаги чап болдир олдинги ва орқа юзаларидаги, ўнг болдир олд ва орқа юзасидаги, ўнг ва чап ташқи юзасидаги тан жароҳат”лари аниқланган.

Айбланувчи Раҳим Болтабоев ва Юсуф Тўрахўжаев Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” банди ва 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан Раҳим Болтабоевга 3 йил, Юсуф Тўрахўжаевга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Мавзуга оид