Полша Смоленскдаги авиаҳалокат юзасидан Россияга қарши даъвосидан воз кечди
Полша ташқи ишлар вазирлиги ИҲЕСга даъво аризаси беришдан бош тортишини президент Лех Качинский ҳалок бўлган авиаҳалокатни тергов қилувчи қуйи қўмита тугатилиши билан изоҳлади.
Полша 2010 йилда Смоленскда ҳалокатга учраган самолёт иши бўйича инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) Россияга қарши даъво беришдан бош тортди. Бу ҳақда 22 январ, душанба куни Полша ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
2023 йил октябр ойида Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, авиаҳалокатни қайта тергов қилиш бўйича қуйи қўмита раиси Антоний Мацеревич ва адвокат Бен Эммерсон келишувни имзолади, унда улар Россияга қарши давлатлараро шикоят тайёрлашда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини эълон қилди. Бироқ, Полшанинг ўша пайтдаги президенти Лех Качинский ҳалок бўлган авиаҳалокатни тергов қилувчи қуйи қўмита 2023 йил 18 декабрдаги миллий мудофаа вазирининг қарори билан тугатилган ва шу билан келишув бўйича томонлардан бири ўз фаолиятини тўхтатган. Ташқи ишлар вазирлигининг амалдаги раҳбари Радослав Сикорский Эммерсонни келишув бекор қилингани ва уни амалга оширишдан бош тортгани ҳақида хабардор қилди, дея хабар беради вазирлик.
Смоленск яқинидаги самолёт ҳалокатида Полшанинг юқори лавозимли амалдорлари ҳалок бўлди
Бортида Полша ҳукумати делегацияси бўлган Ту-154 самолёти 2010 йил 10 апрел куни Смоленск-Северний аэродромига қўнаётганда ҳалокатга учраган. Натижада бортдаги барча 96 киши, жумладан, Полша президенти Лех Качинский ва унинг рафиқаси Мария, мамлакат олий ҳарбий қўмондонлиги вакиллари, таниқли сиёсатчилар, жамоат ва дин арбоблари ҳалок бўлди. Улар Катинда совет НКВДси томонидан отиб ташланган Полша офицерларининг хотирасига бағишланган мотам тадбирларига кетаётган эди.
2011 йилда давлатлараро авиация қўмитаси ҳисобот эълон қилди, ундан келиб чиқадики, самолёт учувчилар хатоси туфайли ҳалокатга учраган, улар ёмон кўриш шароитида тўғри қарор қабул қила олмаган. Полшанинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Ежи Миллер бошчилигидаги комиссия ўз текширувини ўтказди ва худди шундай хулосага келди.
Бироқ 2015 йилда ҳокимият тепасига келган Полша ҳукумати хулосаларни ишонарсиз деб топди. Варшава кейинроқ терговни қайта бошлади. Унинг иштирокчилари самолёт бортдаги кетма-кет портлашлар натижасида ҳали осмонда бўлганида вайрон бўлган деган хулосага келди. Москва фожиага алоқадорлигини рад этади.
Мавзуга оид
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
13:14 / 09.11.2024
Полша: РФ махсус хизматлари АҚШга рейсларда портлашлар тайёрлаган бўлиши мумкин
23:43 / 05.11.2024
Полшада АҚШ ва Канада рейсларида теракт уюштиришни режа қилган «ГРУ» агентлари қўлга олинди
23:56 / 04.11.2024