Ўзбекистон | 18:55 / 27.01.2024
6960
3 дақиқада ўқилади

Сенат раиси ЕТТБ президенти билан учрашди

Танзила Норбоева ва Одил Рено–Бассо Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида амалга ошириладиган қўшма ташаббусларнинг йўналишларини муҳокама қилди.

Фото: Telegram / tanzilanarbaeva

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено–Бассо билан учрашди.

Унда Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида амалга ошириладиган қўшма ташаббусларнинг йўналишлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бешта асосий ҳамкори қаторидан жой олди, йиллик инвестициялар ҳажми бўйича мамлакатимиз банкнинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланди. Ушбу нуфузли молиявий тузилма билан ҳамкорликда келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларимиз ҳам салмоқли. Учрашувимиз якунлари бўйича ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берадиган Ўзаро англашув меморандумини имзоладик. Ҳужжат аёлларнинг меҳнат бозорида имкониятларини кенгайтириш, бандлик соҳасида гендер мувозанатига эришиш, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий мустақилликни оширишни таъминлашни назарда тутади», деди Танзила Норбоева учрашув якунларига изоҳ бериб.

Шу билан бирга, Танзила Норбоева Лондонга амалий ташриф доирасида Буюк Британия Жамоалар палатаси спикери Линдси Хойл билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

«Мулоқотимиз жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, парламентлараро муносабатларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва меҳнат муносабатлари соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида фикрларимиз муштарак. Линдси Хойл қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш, амалий алоқаларни йўлга қўйиш каби таклифларимизга ҳайриҳоҳлик билдирди. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларда мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдик», деди Танзила Норбоева учрашув якунларига изоҳ бериб.

Шунингдек, Танзила Нарбаева  Буюк Британия Парламентининг Лордлар палатаси спикери Жон МакФолл билан учрашди.

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий-дипломатик мулоқотни кенгайтириш, парламент дипломатиясини фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларга янги тус бериш ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар музокаранинг асосини ташкил этди.

Учрашув якунида ўтказилган музокара ва эришилган келишувлар натижаларидан келиб чиқиб, ҳамкорлик бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид