Жаҳон | 16:16 / 01.02.2024
23039
16 дақиқада ўқилади

Аккумулятордан бошланган бизнес – BYD қандай қилиб дунё даражасидаги компанияга айланди?

Бугун дунё бўйлаб электромобиллар оммалашиб бормоқда. Бундай турдаги машиналар бозорида рақобат кескинлашяпти. Ана шундай шароитда Хитойнинг BYD кўрсаткичларини тобора ошириб, дунёдаги электромобил ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан бирига айланди.

Лондондаги Rho Motion тадқиқот компанияси ҳисоботига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 13,6 млн дона электромобил ишлаб чиқариб сотилган. Улардан 9,5 млн донаси электромобиллар, 4,1 млн донаси гибрид автомобилларни ташкил этган.

2023 йил декабрда дунё бўйлаб 1,5 млн дона электромобил сотилган ва бу ҳозирча электромобиллар савдосида ойлик кўрсаткич бўйича рекорд ҳисобланади.

2023 йилда электромобиллар савдоси энг кўп АҚШ ва Канадада ошган – 2022 йилга нисбатан 50 фоиз кўп. Европа Иттифоқида 27 фоиз, дунёнинг яна бир йирик бозори бўлган Хитойда 15 фоиз кўп сотилган.

2023 йилда дунёда сотилган ҳар бешта автомобилнинг бири электромобил бўлган. 2022 йилда 7,8 миллион дона электромобил сотилган ва ҳар ўнта автомобилнинг бири электромобил бўлган. Ўша йили электромобиллар савдоси 2021 йилга қараганда 68 фоизга ошган.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоботига кўра, умумий ҳисобда сўнгги 3 йилда электромобиллар савдоси 5 баробар ошган. 2023 йилда дунёда ишлаб чиқарилган электромобилларнинг 50 фоизи Хитойда тайёрланган.

2023 йил якунларига кўра Тesla йил давомида 1,8 млн дона электромобил сотиб, биринчи ўринни сақлаб қолган. Хитойнинг BYD компанияси эса 2023 йилда 1,6 млн дона электромобил сотган.

Бозор капитализацияси бўйича BYD 79,3 млрд доллар (бошқа манбаларда 91 млрд доллардан ошиқроқ кўрсатилган) билан Хитойда биринчи ўринда, дунёда эса учинчи ўринда туради. Биринчи ўринда Тeslа жойлашган – унинг бозор капитализацияси 761,5 млрд доллар. Иккинчи ўринда Тoyota – 248,2 млрд доллар.

Бироқ турли мутахассислар яқин бир неча йилда BYD бозор капитализацияси бўйича Тоyotaʼга етиб олиши мумкинлигини тахмин қилишяпти.

Фото: alibaba.com

BYD тарихи

BYD компанияси бошқа автомобилсозлик компанияларига қараганда анча “ёш” ҳисобланади. Компания 1995 йил февралда Хитойнинг Шэнжэн шаҳрида Ван Чуанфу томонидан ташкил этилган. Унга асосий маблағни яқин қариндоши Люй Синянг берган.

Ван ўз компаниясини ташкил этиш учун бекорга Шэнжэн шаҳрини танламаганди. Бу шаҳарда ўша пайтларда саноат, айниқса электроника соҳаси кескин ривожланаётганди.

Компания номи Build Your Dreams (Орзуларингизни қуринг) сўзларининг қисқартмасидан олинган.

Компания илк ташкил этилганда фақат аккумулятор ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. BYD автомобил ишлаб чиқаришга кейинроқ, 2000-йиллар бошларида ўтади.

2002 йилда компания ўз акцияларини Ҳонгконг фонд биржасига чиқаради. Ўша пайтда BYD Хитойдаги энг йирик аккумулятор ишлаб чиқарувчи компанияга айланиб улгурганди.

2003 йилда BYD Хитойдаги Norinco Group (тўлиқ номи China North Industries Group Corporation Limited) кўп тармоқли давлат компаниясидан Шэнси провинциясида жойлашган Синчуан шаҳридаги автомобил заводини сотиб олади.

Шундан сўнг компания таркибида BYD Automobile шуъба корхонаси ташкил этилади. Янги корхона учун Пекиндан бутловчи қисмларни тайёрловчи завод сотиб олинади. Шанхайда конструкторлик бюроси ташкил этилади.

BYD Flyer 
Фото: www.autobip.com

Компаниянинг илк машинаси беш эшикли ихчам Flyer бўлган. Бу машина Япониянинг Daihatsu компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Daihatsu Mira моделидан кўчирилган бўлиб, авваллари Хитойнинг бошқа компанияси томонидан тайёрланган. 2004 йилдан бошлаб эса модел BYD Flyer номи остида ишлаб чиқарила бошланган.

BYD Automobile компаниясининг ўзига тегишли илк модел F3 деб аталган. Бу моделни ишлаб чиқаришда Тоyotaʼнинг Toyota Corolla машинаси намуна сифатида танлаб олинади.

2000-йилларнинг иккинчи ярмида Хитойдаги автомобил бозори кенгайгани сабабли BYD Automobile компанияси ҳам тез ривожлана боради. Натижада 2010 йилдаёқ компания бир йилда 500 минг дона машина ишлаб чиқариб сотишга муваффақ бўлади.

BYD F3
Фото: yandex.ru

2006 йилда BYD автомобилсозликда яна бир шуъба корхонасини ташкил этади. BYD Automotive Industry деб номланган бу компанияда автобуслар, оғир юк машиналари, йўл қурилишида ишлатиладиган электрда ҳаракатланувчи махсус техникалар ва монорелсларда ҳаракатланувчи поездлар ишлаб чиқариш бошланади.

2008 йилда дунёнинг энг бой одамларидан бири Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway ҳолдинги BYD компаниясининг 10 фоиз акцияларини сотиб олади. Ўша пайтда бу катта муваффақият эди.

Компания автомобил бозорига кириб келар экан, бошдан ўз олдига электромобиллар ишлаб чиқаришни мақсад қилиб қўйганди. Шу сабабли 2008 йилда ўзининг биринчи гибрид автомобили BYD F3DM моделини ишлаб чиқаради.

Айтганча, айнан шу BYD F3DM модели дунёдаги биринчи гибрид автомобили эди. Яъни BYD компаниясигача ҳеч бир компания гибрид автомобил ишлаб чиқармаган.

2011 йилда BYD Германиянинг Daimler компанияси билан қўшма корхона ташкил этади ва Denza маркали машиналарни ишлаб чиқара бошлайди. Бу маркадаги машиналар ҳанузгача тайёрланмоқда.

2013 йилда BYD ўз моделларини тайёрлай бошлайди. Биринчи модел Qin (Хитойдаги тарихий сулола Цин номидан олинган) деб аталади. Компания кейинги моделларни ҳам Хитойда ҳукмронлик қилган Tang (Тан), Yuan (Юан), Song (Сун) и Han (Хан) каби сулолалар номи билан аташда давом этади.

BYD Han
Фото: byd-2007.auto.sohu.com

Компаниянинг янада юксалиши

2016 йилда BYD компанияси дунёга машҳур автомобиллар дизайнери Волфанг Эггерни ишга таклиф этади. Ўшангача Эггер Audi компаниясида ишлаб келаётганди.

Эггер келгандан сўнг BYD машиналарининг ташқи ва ички кўринишлари ўзгача кўриниш олади. Бу эса компанияда тайёрланаётган машиналарнинг янада оммалашишига сабаб бўлади.

2017 йилда дунёдаги электромобиллар ишлаб чиқарувчи 10 та йирик корхонадан олтитаси Хитойда жойлашганди. Булар BYD, FAW Group, SAIC, Geely, BAIC, Dongfeng компаниялари эди. Қолган 4 таси ҳам хитойликлар билан ҳамкорлик қиларди.

Ўша пайтда Хитойдаги электромобиллар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг энг йириги BYD эди. Компания Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиёдан чиқиб, Америка бозорига кира бошлаганди.

2020 йилда компания Toyota билан электромобиллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очади. 2023 йил март ойида BYD Тайланднинг Районг провинциясида ўзининг хориждаги биринчи автозаводини очди.

Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида компания илк марта электромобиллар савдоси бўйича дунёга машҳур Tesla компаниясини қувиб ўтди. Шу даврда Tesla дунё бўйлаб 484,5 минг дона, BYD эса 526,4 минг дона электромобил сотди.

2023 йилда компания жами 3,02 миллион дона машина сотди. Шундан 1,57 млн донасини электромобиллар ташкил этади.

BYD Tang
Фото: alibaba.com

BYD таркибига кирувчи шуъба корхоналарФото: 

Бугун BYD таркибида автомобиллардан бошқа турли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ўндан ошиқ шуъба корхоналар бор. Уларда электромобиллар учун аккумуляторлардан тортиб, қуёш панелларигача ишлаб чиқарувчи компаниялар бор.

Жумладан:

·       BYD Lithium Batteries Co., Ltd. – электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқаради;

·       Shanghai BYD Co., Ltd. – электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторлар ва қуёш панеллари ишлаб чиқаради;

·       BYD Auto Co., Ltd. – автомобиллар (жумладан электромобиллар) ишлаб чиқаради;

·       Huizhou BYD Battery Co., Ltd. – электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқаради;

·       BYD Auto Industry Co., Ltd. – турли автомобиллар ва риелсли транспортларни тайёрлайди;

·       BYD Electronic (International) Co., Ltd. – инвестиция ҳолдинги (Ҳонгконгда жойлашган);

·       BYD Precision Manufacture Co., Ltd. – мобил қурилмалар ва бошқа электр ускуналар учун турли жиҳозлар ишлаб чиқаради;

·       Huizhou BYD Electronic Co., Ltd. – юқори аниқликда электр ускуналарни йиғадиган асосий корхона ҳисобланади;

·       Xi’an BYD Electronic Co., Ltd. – мобил қурилмалар учун турли жиҳозлар ишлаб чиқаради;

·       BYD Auto Sales Co., Ltd. – BYD Auto Co., Ltd. ва BYD Auto Industry Co., Ltd. томонидан тайёрланган турли автомобиллар ва бошқа транспорт турларини сотиш ва уларга кафолатли техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади;

·       Changsha BYD Auto Co., Ltd. – автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаради;

·       BYD (Shangluo) Industrial Co., Ltd. – қуёш панелларини ишлаб чиқаради.

Бу компанияларнинг барчаси Хитойда жойлашган.

BYD компаниясининг электрда ҳаракатланувчи юк машинаси BYDGlobal

2023 йилда муваффақият билан сотилган моделлар

Бугунги кунда BYD компанияси 30 дан ошиқ моделда, турли кўринишдаги электромобиллар ва автомобилларни ишлаб чиқаради. Автомобиллар орасида мини-хетчбекдан тортиб седанлар, кроссоверлар, минивэнлар, йўлтанламаслар ва спорт автомобилларгача бор.

2023 йилда компаниянинг бир қатор моделлари жуда муваффақият билан сотилади.

BYD Dolphin. Компания 2023 йилда бу моделдан жами 367 419 дона сотган. 2023 йилда ойлар тақсимида энг кўп BYD Dolphin декабр ойида сотилган – 36 514 дона.

2022 йилда BYD Dolphin моделидан 205 417 дона сотилган ва 2023 йилда ўсиш 79 фоизни ташкил этган. Маълумот учун, BYD Dolphin хетчбек туридаги электромобил бўлиб, у 2021 йилдан ишлаб чиқарила бошланган.

BYD Song. 2023 йилда BYD машиналари орасида энг кўп сотилган модел айнан BYD Song ҳисобланади. Йил давомида ундан 640 749 дона сотилган. 2022 йилда ушбу машинадан 481 607 дона сотилган ва 2023 йилда ўсиш 33 фоизни ташкил этган.

BYD Dolphin’дан фарқли равишда BYD Song гибрид ва электромобил кўринишида бир нечта моделдан иборат. Шу сабабли, 2023 йилда алоҳида моделлар бўйича BYD Dolphin энг кўп сотилган модел ҳисобланади.

BYD Dolphin
Фото: www.focus.de

BYD Seagull. 2023 йилда сотув ҳажмига кўра BYD Seagull модели 3-ўринни эгаллаган. Ундан йил давомида 280 217 дона, ноябрда 44 603 дона, декабрда 50 525 дона сотилган.

 BYD Seal. Ушбу моделдан 2023 йилда 127 323 дона сотилган. Декабрда BYD Seal моделидан 20 093 дона сотилган ва 2022 йил декабр ойига нисбатан 31 фоизга кўп.

BYD Ўзбекистонда

BYD машиналарининг Ўзбекистонда сотила бошланганига бир неча йиллар бўлди. Сўнгги йилларда “Ўзавтосаноат” АЖ бу компания билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдира бошлади.

Жумладан, 2022 йил декабр ойининг охирида BYD ва “Ўзавтосаноат” АЖ янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил қилиш келишувини имзолаганини эълон қилди.

Орадан бир ой ўтгач 2023 йил 23 январ куни UzAuto ва BYD компаниялари расман Ўзбекистонда янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ қўшма корхонасини рўйхатдан ўтказди.

Орадан бир неча кун ўтиб, BYD Ўзбекистонда учта моделни ишлаб чиқариши ҳақида хабар берилди. Булар, Chaser 05 (Хитойда Destroyer 05) гибрид седани, Han электромобили ва Song кроссовери экани айтилди.

BYD Destroyer 05
Фото:  www.91haoche.net

2023 йил март ойида BYD компаниясининг DM-i супер гибрид моделлари ва электромобилларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбари билан бирга BYD Auto Co.,Ltd бошқаруви раиси ўринбосари Иван Цао ҳам қатнашди.

Шундан сўнг 2023 йил 17 март кунидан бошлаб “Ўзавтосаноат” АЖ BYD компаниясининг DM-I супер гибрид моделлари ва электромобилларига шартнома беришни бошлади.

2024 йил 24 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташриф буюрди. Ташрий давомида Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Шэнжэн шаҳридаги Хитойнинг BYD компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди.

Бу ерда давлат раҳбари компания президенти Ван Чуанфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Ташриф чоғида компания Ўзбекистонга 10 мингинчи автомобилини етказиб берганининг рамзи сифатида Шавкат Мирзиёевга YANGWANG U8 автомобили ҳадя қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

BYD нега тез оммалашди?

2023 йилда BYD компанияси электромобиллар ва гибрид автомобиллар сотиш бўйича Теsla компаниясига жуда яқин келди. 2023 йил якунларига кўра Теsla йил давомида 1,8 млн дона, BYD компанияси эса 1,6 млн дона электромобил сотган.

Мутахассислар Хитой компанияси 2024 йилдаёқ электромобиллар сотиш бўйича Теslaʼни ортда қолдиришини ва дунёда биринчи ўринга чиқишини тахмин қилишмоқда.

Хўш, BYD компаниясида тайёрланган электромобиллар нега тез оммалашмоқда? Бунинг бир нечта сабаблари бор.

Электромобилларнинг нархи. Хитойда ишчи кучи АҚШ ва Европадагидан анча арзон. Шунинг ҳисобидан BYD компаниясида тайёрланаётган электромобиллар таннархи Теslaʼга қараганда анча арзон чиқяпти. Айнан шу омил ҳам BYD электромобилларнинг кўпроқ сотилишига сабаб бўляпти.

Сифатнинг яхшиланиб бораётгани. BYD компанияси ўзи ишлаб чиқараётган автомобилларнинг сифатини йилдан йил такомиллаштириб, мукаммал кўринишга келтирмоқда. Шунингдек, уларнинг ички ва ташқи кўриниши ҳам чиройли чиқмоқда. Бу эса электромобиллар ихлосмандларини ўзига оҳанрабодай тортмоқда.

Масалан, BYD Atto кроссовери билан Tesla Model Y кроссоверлари солиштириб кўрамиз. BYD Atto’нинг нархи 50 минг доллар атрофида. Tesla Model Y эса 65 минг доллар атрофида сотилмоқда.

Tesla Model Y’га 80 минг км масофани босиб ўтгунча кафолат берилади, BYD Atto’га эса 150 минг км. Ҳар иккала машинанинг аккумуляторига 8 йил ёки 160 минг км масофани босиб ўтгунча кафолат берилади.

Фото: vetogate.com

ANCAP (Австралиянинг транспорт хавфсизлиги бўйича нуфузли рейтинг ташкилоти) рейтингида ҳар иккала машина энг юқори беш юлдузли баллар олишган.

Умуман олганда, BYD Atto ва Tesla Model Y кроссоверларининг техник ва бошқа кўрсаткичлари, қулайликлари тенг. Бироқ нархдаги катта тафовут туфайли BYD Atto тез оммалашмоқда.

Арзон ва сифатли аккумуляторлар. Бугун дунёдаги электромобиллар учун ишлаб чиқарилаётган аккумуляторларнинг асосий қисмини BYD компанияси тайёрлайди.

Маълумот учун, сўнгги йилларда дунёда электромобиллар учун ишлаб чиқарилаётган аккумуляторларнинг қарийб 10 фоизи BYD ҳиссасига тўғри келмоқда. Электромобилларига компаниянинг ўзида тайёрлаган аккумуляторларнинг ўрнатилиши ҳам BVD’га анча устунлик беради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид