Жаҳон | 16:01 / 04.02.2024
21434
16 дақиқада ўқилади

Советларнинг муваффақиятсиз лойиҳаси – Ил-86 самолёти нега оммалашмаганди?

СССРда бир нечта авиаконструкторлик бюролари бўлган ва ҳар йили кўплаб самолётлар ишлаб чиқариларди. Советлар 1960-1970-йилларда ясаб чиқилган самолётларни мукаммаллаштиришга уринишмади. 1980-йилларнинг иккинчи ярмига келиб моделлар эскирди ва халқаро талабларга жавоб бермай қўйди. Оқибатда СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда фуқаро авиацияси учун самолёт ишлаб чиқариш қарийб тўхтаб қолади.

СССРда фуқаро авиация иккинчи жаҳон урушидан кейин жуда тез ривожлана бошлайди. 1960-йилларда бир нечта конструкторлик бюроси муваффақиятли ишлаётган эди.

Жумладан, турли самолётлар лойиҳаси қўйидаги конструкторлик бюроларида тайёрланарди:

  • “Ан” самолётлари – Олег Антонов томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида;
  • “Ту” самолётлари – конструктор Андрей Туполев томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида;
  • “Ил” самолётлари – конструктор Сергей Илюшин номига қўйилган конструкторлик бюросида;
  • “Як” самолётлари – конструктор Александр Яковлев номига қўйилган конструкторлик бюросида.

Бундан ташқари, Артём Микоян ва Михаил Гуревич томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида “МиГ” ва Павел Сухой томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида “Су” ҳарбий самолётлари лойиҳаси ишлаб чиқарилган.

Ўша пайтларда бир вақтнинг ўзида турли авиация заводларида ўнлаб турдаги самолётлар ишлаб чиқариларди. Дунёнинг биронта давлати, ҳатто АҚШда ҳам бунча кўп моделда самолёт чиқарилмасди.

Совет конструкторлари томонидан ишлаб чиқарилган барча самолётлар тор фюзелажли бўлиб, СССРда кенг фюзелажли самолёт тайёрланмасди.

1970-йиллар бошларида совет конструкторларига кенг фюзелажли самолёт лойихасини ишлаб чиқариш топшириғи қўйилади. Уни бажариш Илюшин конструкторлик бюроси чекига тушади. Кўп ўтмай “Ил-86” номи билан кенг фюзелажли самолёт пайдо бўлади.

Бироқ бу самолёт унча оммалашмайди ва бор-йўғи 100 дона атрофида ишлаб чиқарилади. Маълумот учун СССРдаги энг оммабоп самолётлардан минглаб дона ишлаб чиқарилган.

www.airliners.net

Ил-86 тарихи

1960-йилларнинг иккинчи ярмида СССРда катта самолётлар йўқ эди. Бироқ дунёнинг етакчи авиакорхоналари аллақачон бундай самолётларни тайёрлай бошлаганди.

Ўша пайтда мамлакатда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган “Аэрофлот” раҳбарлари ҳукуматдан 250-350 йўловчи сиғадиган кенг фюзелажли самолёт тайёрлаб беришни сўрашади.

1967 йил 13 октябр куни СССР министрлар советининг кенг фюзелажли самолёт ишлаб чиқариш ҳақидаги қарори қабул қилинади ва бу иш Сергей Илюшин бошчилигидаги конструкторлик бюросига топширилади.

Бу ишнинг Илюшин конструкторлик бюросига топширилишининг сабаби 1960-йиллар бошида СССРдаги энг катта “Ил-62” самолётини шу бюро тайёрлаган эди.

“Ил-62” самолётига 168 нафар йўловчи сиғарди. “Илюшин” конструкторлик бюроси муҳандислари ҳукуматга “Ил-62” базасида 350 нафар йўловчи сиғадиган самолёт тайёрлаш лойиҳасини тақдим этишади.

Лойиҳага кўра “Ил-62” фюзелажи кенгайтирилиши, ўриндиқлар олти қатордан тўққиз қаторга кўпайтирилиши, ўриндиқлар орасидаги жойни бироз қисқартириш ҳисобидан унга 350 нафар йўловчи сиғадиган бўлиши керак эди.

Ил-86 самолётининг салони шундай кўринишда бўлган.
www.yaplakal.com

Бироқ ҳукумат комиссияси лойиҳани рад этади. Бунга сабаб, ўриндиқлар орасидаги жой қисқартирилса йўловчиларга яратилган шароитлар ёмонлашади деб топилади.

Бунинг устига “Ил-62”да тўртта кичикроқ двигател қанотларга эмас, фюзелажнинг орқароқ қисмига ўрнатилганди. Комиссия “Ил-62”га ўрнатилган двигателлар 350 кишилик самолётни парвози учун ярамайди деб топади.

Шундан сўнг “Илюшин” муҳандислари янги самолёт лойиҳасини тайёрлай бошлашади. Бироқ ишлар чўзилиб кетади.

Бу орада Ғарб авиасозлари томонидан тайёрланган кенг фюзелажли Boeing 747, McDonnell Douglas DC-10, Lockheed L-1011 TriStar ва Airbus A300 каби самолётлар йўловчи таший бошлаган эди.

1972 йилга келиб “Илюшин” муҳандислари “Ил-86” деб аталган янги самолёт лойиҳасини тақдим этишади. Ҳукумат уни тасдиқлайди. Бироқ шундан кейин ҳам илк самолётни тайёрлагунча 4 йил вақт ўтиб кетади.

Биринчи “Ил-86” самолётининг синов парвози 1976 йил 22 декабр куни ўтказилади. 1977 йилда самолёт Париж кўргазмасида намойиш этилади. “Ил-86” самолётлари Воронеждаги авиация заводида тайёрланган.

1978 йилга бориб самолётнинг завод синовлари тугайди. Бироқ унинг тўлақонли парвози икки йилдан сўнг 1980 йилда бошланади. Ўша йили 26 декабр куни “Ил-86” самолёти Москва-Тошкент йўналишида биринчи парвозни амалга оширади.

Заводдан чиқаётган биринчи Ил-86‌‌.
aviator.guru

“Ил-86” самолётининг техник тавсифи:

  • Узунлиги – 59,94 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 48 метр;
  • Баландлиги – 15,81 метр;
  • Оғирлиги – 111,5 тонна;
  • Максимал оғирлиги (Йўловчи ва юклар билан) – 215 тонна
  • Экипаж аъзолари сони – 3-4 киши
  • Йўловчи ўрни – люкс салонда 234 киши, аралаш (озроқ люкс, қолгани эконом) салонда 314 киши ва эконом салонда 350 киши;
  • Юк кўтариш қуввати – 42 тонна;
  • Ёқилғи сиғими – 88 000 кг;
  • Максимал тезлиги – соатига 950 километр;
  • Ёқилғи сиғими бир марта тўлдирилганда учиш масофаси – 5 250 км;
  • Максимал учиш баландлиги – 12 000 метр.

“Ил-86” самолётига СССРнинг ўзида ишлаб чиқарилган тўртта двигател ўрнатилганди. Бироқ улар ишончли эмасди. Шу сабабли катта ва оғир самолётнинг парвозида муаммолар юзага кела бошлайди.

Кўп ўтмай “Илюшин” конструкторлик бюроси “Ил-86” самолётини сал мукаммаллаштиради. Шундан сўнг уни “Ил-86В” ва “Ил-86Д” номи остида ишлаб чиқара бошлашади.

Мукаммаллаштирилган дейилган “Ил-86В” ва “Ил-86Д” самолётларида двигател ўзгарганди. Советлар унга илк маротаба Британияда тайёрланган турбореактив Rolls-Royce RB211-22В двигателларини ўрнатади.

Яна “Ил-86В оддий “Ил-86”дан йўловчи ўрни кўплиги билан фарқланади. Бу самолётга 450 нафаргача йўловчи сиғарди. Бироқ “Ил-86В” кўпи билан 3600-4000 километр масофагача учарди.

e551mm.com

“Ил-86Д” моделининг салони люкс бўлиб, унга 330 йўловчи сиғарди ва 9 000 километргача парвоз қила оларди.

Кейинчалик 1988 йилда “Ил-86Д” модели асосида “Ил-90” самолёти ишлаб чиқарилади. Бу самолёт ҳам оммалашмаган ва ундан бор-йўғи 33 дона ишлаб чиқарилган.

“Ил-86” самолётларининг кейинги тақдири

1991 йилда СССР парчаланиб кетади ва оқибатда жуда кўплаб завод фабрикалар тўхтаб қолади. Шу жумладан, “Ил-86” самолётларини ишлаб чиқарган корхоналар ҳам. Бунинг устига, Rolls-Royce ҳам двигател бермай қўяди.

Ўша пайтда АҚШнинг General Electric ва Франциянинг SNECMA компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган CFM International қўшма корхонасида тайёрланган двигателлардан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Бироқ бу ҳам амалга олишмайди.

Гарчи расмий маълумотларда “Ил-86” самолётлари 1997 йилгача ишлаб чиқарилган деб берилса-да, аслида улар СССР парчаланиб кетгунча тайёрланган. Шунчаки тайёрлаб қўйилган самолётларнинг синов парвозлари кейин ўтказилганди.

“Ил-86” самолётлари 1976 йилдан 1990-йиллар бошигача 15 йил давомида бор-йўғи 106 дона ишлаб чиқарилган. Яъни ўртача йилига 7 донадан тайёрланган.

doroshenko-us.livejournal.com

Таққослаш учун, “Ту-154” самолётидан 1970 йилдан 1990-йиллар бошигача минг донадан ошиқ ишлаб чиқарилган.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда фақат ҳарбий самолётлар тайёрловчи корхоналар ишлашда давом этди. Фуқаро авиацияси учун ишлаган корхоналар ёпилиб кетади ёки бошқа нарса ишлаб чиқаради.

Совет даврида фаолият кўрсатган конструкторлик бюроларининг аксарияти ҳозир ҳам ишлаяпти. Бироқ СССР парчаланиб кетгандан сўнг биронта янги самолёт лойиҳаси қилинмади.

Натижада 1991 йилдан бошлаб Россияда тузилган кўплаб авиакомпаниялар АҚШнинг Boeing ва Европада ишлаб чиқариладиган Airbus самолётларини харид қилишди. Бугун ҳам асосан шу иккита компаниялари самолётларидан фойдаланишмоқда.

2000-йиллар бошида Павел Сухой номидаги конструкторлик бюроси томонидан янги самолёт лойиҳаси тайёрланади. 2007 йилда Sukhoi Superjet 100 деб номланган янги йўловчи самолёти ишлаб чиқарилади.

Sukhoi Superjet 100 самолёти ўлчами жуда кичик, унда бор-йўғи 87 нафардан 103 нафаргача йўловчи ўрни бор. Қолаверса у фақат яқин масофаларга уча олади.

Шу сабабли бу самолёт ҳам ишончни оқламади. Sukhoi Superjet 100 самолётидан 2007-2023 йиллар оралиғида бор-йўғи 200 донадан ошиқроқ ишлаб чиқарилган.

2012 йилдан 2019 йилгача Sukhoi Superjet 100 самолётларидан бештаси турли сабаблар билан ҳалокатга учради ва кўплаб йўловчилар ҳалок бўлишди. Бу ҳам самолёт оммалашишига тўсиқ бўлди.

Sukhoi Superjet 100.
​​​​​​www.islamicinvitationturkey.com

Россия сўнгги 32 йилда тузукроқ самолёт ишлаб чиқара олмаётганининг асосий сабаби сифатида бу мамлакатда ишончли ва замонавий двигателлар ишлаб чиқарилмаслиги кўрсатилади.

Россия фуқаро авиацияси саноатининг барбод бўлишига асосан шу омил сабаб бўлган.

Boeing ва Airbus эса узоқ йиллардан буён Американинг Pratt & Whitney ва General Electric ҳамда Британиянинг Rolls-Royce компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келади ва уларда тайёрланган двигателлардан фойдаланди.

Ўқувчиларда, россиялик авиасозлар ҳам Pratt & Whitney ва General Electric ҳамда Британиянинг Rolls-Royce компанияларидан двигател олса бўлмайдими деган савол туғилиши мумкин.

Гап шундаки, сўнгги 30 йилда йўловчи самолётларига талаб кескин ошиб кетди. Натижада самолёт двигателларини ишлаб чиқарувчи компанияларга ҳам кўплаб буюртмалар тушди.

Вазият шу даражага келдики, сифатли авиадвигател олиш учун ҳутто буюртма бергандан кейин ҳам бир неча йили кутиш керак. Бундай шароитда Pratt & Whitney ва General Electric ҳамда Британиянинг Rolls-Royce компаниялари азалий мижозлари Boeing ва Airbus компанияларини куттириб россиялик авиасозларга двигател сота олмайди.

Россия фойдаланган Ил-86.
www.flickr.com

Бундан ташқари, сўнгги йилларда самолёт тайёрлашда сўнгги технологиялар ҳам қўлланяпти ва улар ҳам Россияда ишлаб чиқарилмайди. Ғарб компаниялари эса худди двигател билан бўлгани каби ўзида талаб кўплиги учун бермаяпти.

Балки муаммонинг бошқа, масалан, сиёсий сабаблари ҳам бордир. Лекин нима бўлганда ҳам россиялик авиасозлар Ғарбдан ишончли двигателларни ва бошқа эҳтиёт қисмларни ололмаяпти. Оқибатда фуқаро авиацияси учун замонавий самолётлар тайёрланмаяпти.

Маълумот учун, яқинда Россия оммавий ахборот воситалари бу давлатда Яковлев конструкторлик бюроси томонидан лойиҳалаштирилган янги торфюзелажли самолётнинг синови муваффақиятли ўтказилгани ҳақида хабар беришди.

Хабарда айтилишича, бу самолётнинг ишчи номи МС-21 бўлиб, ундан жорий йил фойдалана бошланади. Шундан сўнг самолёт Як-242 номини олади.

Бу самолёт уч хил жиҳозланади ва уларга 132, 163 ва 196 нафар йўловчи ўрни бўлади. Янги самолёт қанчалик ишончни оқлайди, буни вақт кўрсатади. Ҳозирча эса Россия асосан Ғарбда ишлаб чиқарилган самолётлардан фойдаланишда давом этяпти.

Маълумот учун, 2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргандан сўнг Boeing ва Airbus компаниялари Россия фойдаланаётган самолётларга техник хизмат кўрсатишни тўхтатди. Ўшандан буён бу давлат авиакомпанияларига тегишли самолётларнинг бир нечтасида техник носозлик кузатилди.

Ил-86 самолётларидан фойдаланиш

Ил-86 самолётлари тайёр бўлар экан, “Аэрофлот”дан ташқари социалистик лагерга кирувчи давлатлар ҳам унга қизиқиш билдиришади. Жумладан, 1988 йилда ГДРнинг “Interflug” авиакомпанияси иккита Ил-86 самолётларига буюртма беради. Бироқ авиакомпания Ил-86 ларлардан кўра Airbus A310 самолётларини афзал кўради ва советларга берилган буюртмани бекор қилади.

Гарчи самолёт ишончли бўлмаса ҳам ундан уч донасини хорижга сотишга муваффақ бўлишади. Ил-86ларга Хитойнинг «China Xinjiang Airlines» авиакомпанияси харидор бўлади.

Самолётлар Хитойга 1991-1993 йилларда етказиб берилади. Бироқ 2003 йилда Хитой улардан фойдаланишни тўхтатади ва Ил-86лар Россияга қайтариб юборилади.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Ил-86 самолётлари қайси республикаларга берилган бўлса, ўзларида қолади. Ўзбекистонда ҳам бундай турдаги самолётлар бўлган. Россия ўзида қолганлари шу давлат авиакомпаниялари томонидан ишлатилади.

Ил-86 самолётидан Ўзбекистон ҳам фойдаланган
Avsim.su

2000-йиллар бошларида Европа Иттифоқи жуда баланд овоз чиқарадиган самолётлар парвозини тақиқлайди. Шундан сўнг Ил-86 ларнинг парвозлари тўхтатилади. Улардан фақат чартер рейсларда фойдаланишади.

2008 йилда Россияда иқтисодий инқироз юз берди. Ўша пайтда бу давлатдаги авиакомпаниялар узил-кесил ёқилғи сарфи юқори бўлган ва катта харажатларни талаб қиладиган Ил-86 самолётларидан бутунлай воз кечишади.

Ил-86 самолётининг сўнгги мунтазам парвози 2010 йилда Москва-Симферопол йўналишида амалга оширилган. Орадан бир йил ўтгач Анталия-Москва йўналишида сўнгги чартер парвози амалга оширилади. Шу билан Ил-86 самолётларининг парвози бутунлай тўхтатилади.

Авиакомпаниялар Ил-86 ларни сотувга қўйишади, бироқ уларга тайинли харидор чиқмайди. Шундан сўнг уларнинг аксарияти музейларга, авиация билим юртларига, қолгани металлоломга топшириб юборилади.

2020 йилда турли жойларда бор-йўғи 8 та Ил-86 самолёти қолган эди.

Булар:

  • Киев авиация музейида;
  • Уляновск фуқаро авиацияси музейида;
  • Новосибирскдаги Толмачёво аэропорти ҳудудида ёдгорлик сифатида;
  • Санкт-Петербургдаги “Хели-драйв” вертолёт маркази ҳудудида;
  • БААдаги Фужейра аэродромида (бу Ил-86 “Global Aviation” авиаташувчисига тегишли;
  • Шереметево аэропортида (Москвадаги учувчилар тайёрлаш билим юртига берилган);
  • Домодедоводаги самолётлар қабристонида (бу Арман ҳаво йўлларига қарашли);
  • Воронеждаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳудудида (сўнгги самолёт заводдан чиқарилган ҳолида қолиб кетган).
Авиация музейида сақланаётган Ил-86.
fishki.net

Ил-86 самолётлари билан бўлган “авария”лар

Свердловск, 1991 йил. Ил-86 самолёти билан содир бўлган биринчи нохуш ҳодиса 1991 йилда юз берган. Ичида 360 нафар йўловчи бўлган Ил-86 Свердловск вилоятида учаётганида ёнғин келиб чиқади.

Учувчилар дарҳол самолётни Свердловск (ҳозирги Екатеринбург) шаҳрига фавқулодда қўндиришади ва одамлар эсон-омон эвакуация қилинади. Ўшанда ҳеч ким жабрланмайди, бироқ самолёт яроқсиз аҳволга келиб қолади.

Деҳли, 1994 йил. Ҳиндистон пойтахтидаги аэропортдан ҳавога кўтарилаётган Boeing 737 ҳалокатга учраб қулаб тушади. Шунда аэропортда турган Ил-86 га унинг бўлаклари келиб тушади.

Ҳодиса оқибатида Boeing 737ʼнинг тўрт нафар экипажи, Аэрофлотнинг самолётга хизмат кўрсатувчи 4 нафар ходими ҳалок бўлади. Ил-86 жиддий шикастланади.

Москва, 1998 йил. Ил-86 Шереметево аэропортига қўниш чоғида “авария”га учрайди. Бунга ёмон об-ҳаво шароити ва учувчиларнинг тажрибасизлиги сабаб бўлган.

Ушбу ҳодисада ҳалок бўлганлар ёки тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот йўқ. Бироқ самолёт бутунлай яроқсиз бўлиб қолади ва сафдан чиқарилади.

Дубай, 2001 йил. Россиядан БААга учган Ил-86 Дубай аэропортига қўниш чоғида учувчиларнинг тажрибасизлиги ортидан нохуш вазиятга тушиб қолади.

Ҳодисада ҳеч ким вафот этмайди. Бироқ самолёт бутунлай яроқсизга айланади ва сафдан чиқарилади.

Москва яқинида қулаб тушган Ил-86.
ЯПлакалъ

Москва, 2002 йил. Ичида йўловчилар бўлмаган Ил-86 Шереметово аэропортидан учиш чоғида “авария”га учрайди. Оқибатда самолёт бутунлай яроқсизга айланади ва сафдан чиқади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид