Сенегалда президентлик сайловлари кечиктирилди. Мухолифат буни «конституциявий тўнтариш» деб атамоқда
Сенегал парламенти президентлик сайловлари муддатини 10 ойга суриб, 15 декабрга кўчириш учун овоз берди. Амалдаги давлат раҳбари Маки Салл айрим номзодларнинг қонунийлиги борасидаги келишмовчиликлар туфайли шуни талаб қилаётганди. Мухолифатчи гуруҳлардан бири бу қарорни «конституциявий тўнтариш» деб баҳолаган.
Халқаро ҳамжамият ҳам Ғарбий Африкадаги энг барқарор давлатлардан бири бўлиб келган Сенегалдаги вазият юзасидан хавотир билдирмоқда.
Президентлик сайловлари 25 февралга белгиланганди.
Мамлакат 1960 йилда Франциядан мустақилликка эришилганидан бери ҳокимият тинч йўл билан, фақат сайловлар орқали ўтказилган. Минтақадаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Сенегалда ҳеч қачон куч ишлатиш йўли билан ҳокимиятга келиш ҳолати кузатилмаган.
1963 йилда президентлик бошқаруви ўрнатилганидан буён мамлакатда сайловлар доимо ўз вақтида ўтказилган.
Таҳлилчилар мамлакатдаги барқарорликка жиддий путур етказиши мумкин бўлган конституциявий инқирозни башорат қилмоқда.
«Ушбу қарор Сенегални конституциявий инқироз гирдобига ташлайди», — деган BBC билан суҳбатда рискларни баҳолаш билан шуғулланувчи Verisk Maplecroft консалтинг компаниясининг Ғарбий Африка бўйича катта таҳлилчиси Мукаҳид Дурмаз.
Мухолифатнинг айрим вакиллари аллақачон Салланинг қарорини конституциявий давлат тўнтариши деб атамоқда.
«Фақат Конституциявий кенгаш президентлик сайловлари муддатини кейинга суриши мумкин ва бундай кечиктириш ҳам қатъий тартибга солинади. Шундай экан, бу шунчаки конституцияга зид, шунинг учун айтаманки, бугун биз конституциявий давлат тўнтариши келтириб чиқаришга уринишнинг гувоҳи бўлиб турибмиз», — дея вазиятни изоҳлаган мухолифатчи сиёсатчилардан бири Ги Мариус Саня.
Сайловда иштирок этиши мумкин бўлган номзодларнинг якуний рўйхатидан 20 киши ўрин олган. Номзодлар сайловларда иштирок этиш шартларига мос келиш-келмаслигини белгилайдиган Конституциявий кенгаш январ ойида мухолифатнинг бир неча вакилларини сайловга номзод бўлишга қўймаганди ва бу танқидлар тўлқинига сабаб бўлганди.
Шу билан бирга, Маки Саллнинг ўзи сайловларда қатнашмасликка ваъда берган.
Сайловларнинг кечиктириш ҳақидаги қарордан кейин мамлакат пойтахти Дакарда норозилик намойишлари бошланиб кетди.
Душанба куни ҳукумат интернетда «нафратомуз ва бузғунчи хабарлар» тарқалиши ва жамоат тартибига таҳдид солинишининг олдини олиш мақсадида – бошқача сўз билан айтганда, намойишларни ташкиллаштиришни қийинлаштириш учун мобил интернет-хизматларидан фойдаланишни чеклаб қўйди.
Дакардаги Хавфсизлик тадқиқотлари институтининг Марказий Африка бўйича минтақавий координатори, таҳлилчи Воле Оджевале президентлик сайловлари кечиктирилиши асоссизлиги, чунки президент сайлов жараёнига масъул ҳисобланмаслигини айтади.
Амалдаги президентнинг танқидчилари Маки Салл бош вазир Амаду Ба сайловларда ютқазиши мумкинлигидан хавотирланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда – у Бани ўзининг вориси сифатида кўради.
«Унинг партияси [президент Салл] қўллаб-қувватловдан маҳрум бўлмоқда. Катта эҳтимол билан, ҳозирда улар ишни қайта қуришни ва ўз номзодини алмаштиришни истамоқда», — деган BBC суҳбатдоши.
Кузатувчилар сайловлар шаффоф ўтмаса, мамлакатни норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлар қамраб олиши, эса Сенегалнинг Ғарбий Африкадаги энг барқарор давлат сифатидаги мақомига путур етказиши мумкинлигидан хавотир олмоқда.
Мавзуга оид
21:49 / 08.11.2024
Ишчилар синфи исёни ёки муваффақиятсиз кампания? Ҳаррис сайловда нега ютқазди?
18:42 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: у америкаликларни қандай ишонтира олди?
18:18 / 07.11.2024
Имзо чекишни билмагани учун минглаб ёш америкаликларнинг сайлов бюллетени бекор қилинди
13:51 / 07.11.2024