Трамп «Капитолий иши»да президентлик дахлсизлигига эга эмас — суд қарори
Суд АҚШ собиқ президенти Доналд Трампни Капитолийга бостириб кириш билан боғлиқ жиноий ишда ҳуқуқий иммунитетга эга эмас деб топди.
АҚШ апелляция суди Доналд Трамп Капитолий биносига бостириб кириш билан боғлиқ жиноий ишда қонуний таъқибдан иммунитетга эга эмас, деб қарор қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд қилинишича, бу қарор махсус прокурор Жек Смит томонидан қўзғатилган ишда Трамп ҳимоясининг асосий чизиғига жиддий зарба бўлган. Собиқ президент ўз хатти-ҳаракатлари президент сифатидаги расмий вазифаларининг бир қисми эканини, шунинг учун уни жиноий жавобгарликдан ҳимоя қилишини айтган эди.
«Трамп президент бўлиб ишлаган вақтида уни ҳимоя қилган ҳар қандай иммунитет энди бу таъқибдан ҳимоя қила олмайди», дейилади суд қарорида.
Трамп адвокатлари қарор устидан Олий судга шикоят қилиши ёки апелляция судининг қайта кўриб чиқилишини сўраши мумкин.
Смит Трампга қарши тўртта айблов эълон қилган, жумладан, сайловларда фитна уюштириш, шунингдек, Қўшма Штатларни алдаш ва расмий суд жараёнига тўсқинлик қилиш учун фитна уюштириш. Трампнинг ўзи айбларни рад қилмоқда.
2021 йил 6 январда президентлик сайлови натижаларидан норози бўлган Трамп тарафдорлари Вашингтонда Капитолийга бостириб кирди. Сайловда демократ Жозеф Байден ғалаба қозонган эди. Намойишлар полиция билан кенг кўламли тўқнашувларга олиб келди. Ҳуқуқ тартибот идоралари исёнга Доналд Трамп чақириқлари сабаб бўлган деб ҳисоблади ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилган эди.
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
10:31