Ўзбекистон | 18:56 / 13.02.2024
8918
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида янги божхона пости қурилмоқда

Ўзбекистоннинг «Учқўрғон» ва Қирғизистоннинг «Кенгсай» чегара божхона постлари 2024 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Ўзбекистонни қўшни Қирғизистон билан боғловчи янги чегара пости қурилиши давом этмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, иншоот Учқўрғон тумани, «Бўстон» маҳалласидаги «Учқўрғон - Маданият» йўлининг ўнинчи километрида барпо этиляпти. Худди шундай лойиҳа Қирғизистоннинг Навкент тумани, Қизилтуу қишлоғи «Кенгсай» божхона постида ҳам амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги «Учқўрғон» ва «Кенгсай» чегара божхона постлари 2024 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

Таъкидланишича, мазкур божхона чегара постининг очилиши Наманган вилояти ва Учқўрғон тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратади, вилоят, туман иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади, логистика, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади.

Мавзуга оид