Ўзбекистон | 09:56 / 14.02.2024
9483
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги олийгоҳлар ва улардаги талабалар сони маълум қилинди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 1,3 миллион нафардан ошиқ талаба таҳсил олмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2023 йилда 7 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилган ва уларнинг сони жами 213 тага етган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова хабар берган.

Маълум қилинишича, 213 та ОТМдан 116 таси давлат, 67 таси нодавлат, 30 таси эса хорижий олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ҳозирда 213 та олийгоҳда 1 млн 300 минг нафардан ошиқ талаба таҳсил олиб, бу кўрсаткич орқали ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2022 йилги 38 фоиздан 42 фоизга ошган.

2023/2024 ўқув йили учун 48 та давлат олий таълим муассасасининг 20 та хорижий мамлакат билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари экспертизадан ўтказилди. Ижобий хулоса берилган 289 та қўшма таълим дастури учун 6 818 та квота келишиб берилган.

Техникумларда грант ўринлар сони 22 368 тага етказилиб, 2022/2023 ўқув йилига нисбатан 1,5 баробарга оширилди. Академик лицей битирувчиларининг олийгоҳларга ўқишга кириш кўрсаткичи 90 фоизга етди.

Аввалроқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олтита хусусий ОТМнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза бергани ва улардан бештасининг тегишли лицензияси суд қарорига кўра бекор қилингани, 1 та нодавлат ОТМнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича суд жараёни давом этаётгани ҳақида хабар берилганди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лицензияси бекор қилинган ОТМ талабаларининг ўқиши уларнинг аризасига асосан белгиланган тартибда бошқа олийгоҳларга кўчирилиши таъминланишини айтиб чиқди.

Мавзуга оид