Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистон президенти билан учрашди
Қозоғистон минтақа халқлари фаровонлиги йўлида Ўзбекистон ташаббусларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остона шаҳридаги Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди, деб хабар берди Tengrinews.
Президент Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини самимий қутлар экан, Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги ўзаро ҳамкорликнинг барча спектри бўйича юқори суръатда ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратади.
Давлат раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, Қозоғистон минтақа халқлари фаровонлиги йўлида Ўзбекистон ташаббусларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, икки мамлакат ўртасидаги ўсишнинг янги нуқталарини топиш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Тўқаев транзит-транспорт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб атади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Дарбоза-Мақтараал темир йўл линиясини қуришни бошлади, кейинчалик у Ўзбекистон билан чегарагача етиб боради. Бу юк ташиш ҳажмини оширишга ёрдам беради.
Қозоғистон президенти, шунингдек, Ўзбекистон томонининг Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришдаги иштироки ўзаро манфаатли эканлигига эътибор қаратди.
Бахтиёр Саидов сўзларига кўра, икки давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашни юқори даражага кўтарган. Шу муносабат билан Бахтиёр Саидов аввал эришилган келишувларни юқори савияда сифатли амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш режалари билан ўртоқлашди.
Суҳбат чоғида сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ва Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, икки ва кўп томонлама характердаги бўлажак учрашув ва тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
11:58
Жанубий Корея президенти Ўзбекистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди
20:38 / 06.11.2024
Қозоғистонда аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди
07:30 / 05.11.2024
Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига жароҳат етказган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
21:49 / 04.11.2024