Жаҳон | 09:20 / 20.02.2024
6470
2 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг ўлими туфайли ЕИ давлатлари Россия элчиларини чақиртирди

Европа давлатлари Алексей Навалнийнинг ўлими юзасидан Россия элчиларига ўз норозилигини билдириб, бу ҳолатни чуқур ўрганишни талаб қилмоқда.

Фото: Vuk Valcic/ZUMA Wire/imago

Бир қатор Европа давлатлари Алексей Навалнийнинг колониядаги ўлими муносабати билан Россия элчилари ва бошқа юқори мартабали дипломатларини чақиртирди. Шу тариқа, Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирликлари 19 феврал, душанба куни Россия элчихоналари муваққат ишлар вакилини чақириб, мухолифатчининг ўлимида Кремлни айблади.

Рига, Вилнюс ва Таллин Россия расмийларини Навалнийнинг ўлими ҳолатини чуқур ўрганишга ва жасадни оиласига топширишга чақирди. 

Финландия ва Швеция ҳам Россия элчиларини чақиртирди. AFP Испаниянинг худди шундай ҳаракати тўғрисида хабар қилди. Аввалроқ Россия элчилари Германия ва Британия ташқи ишлар вазирликларига чақирилгани хабар қилинганди. Россиянинг мамлакатдаги элчиси Норвегия томонидан ҳам чақирилган. 

Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне Россиянинг Париждаги элчиси мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ўлими муносабати билан ўша куни, 19 феврал кечқурун Аргентинага ташрифи чоғида чақиртирилганини маълум қилди. Франция дипломатияси раҳбари Аргентина ташқи ишлар вазири Диана Мондино билан Буэнос-Айресда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида: «Бугун мен Россия элчисини чақиртиришни сўрадим», деди. Шу билан бирга, Сежурне «Режим ўзининг асл моҳиятини кўрсатди», деб қўшимча қилди. 

Шу билан бирга, Швейцария расмийлари Keystone-SDA агентлигига россиялик дипломатларни ташқи ишлар вазирлигига чақириш ниятида эмаслигини айтди. Берн Навалнийнинг ўлими ҳолатини тўлиқ текширишни талаб қилиш билан чекланди. Швейцария ташқи ишлар вазирлиги «Алексей Навалнийнинг асоссиз қўлга олиниши ва унга нисбатан қўпол муносабатда бўлинишини бир неча бор қоралаганини» таъкидлади. 

Мавзуга оид