Жаҳон | 10:19 / 27.02.2024
4129
2 дақиқада ўқилади

ЖСТ: Глобал савдо ўсиши кутилганидан камроқ бўлиши мумкин

Дунёнинг деярли барча мамлакатлари савдо вазирлари тўрт кун давомида янги глобал савдо қоидаларини муҳокама қилиш учун ЖСТ таклифига биноан Абу-Дабида йиғилмоқда.

Фото: Schöning/IMAGO

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) маълумотларига кўра, бу йил глобал савдо ўсиши илгари прогноз қилинганидан заифроқ бўлиши мумкин. «Пастга тушиш хатарларини ҳисобга олсак, бу йил савдо ҳажмининг 3,3 фоизга ўсишига эриша олмаймиз», — деди ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеаланинг сўзларини келтиради 26 феврал, душанба куни Reuters агентлиги.

Дунёнинг деярли барча мамлакатлари савдо вазирлари тўрт кун давомида янги глобал савдо қоидаларини муҳокама қилиш учун ЖСТ таклифига биноан Абу-Дабида йиғилмоқда. «Бу сиёсий нуқтайи назардан жуда қийин вақт», деб тан олди Оконжо-Ивеала журналистларга. У урушлар, кескинликлар ва яқинлашиб келаётган сайловлар ҳақида гапирди. «Аммо ишончим комилки, биз ҳали ҳам маълум натижаларга эриша оламиз», деб таъкидлади ЖСТ раҳбари. Конференциянинг бошқа иштирокчилари унинг оптимизмини баҳам кўрмаяпти. «Халқаро ҳамкорлик ёмон аҳволда», дея саммит иштирокчиларидан бирининг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. 

Бу йил икки йилда бир марта ўтказиладиган йиғилишда иштирок этиш учун иккита янги давлат таклиф қилинди: Комор ороллари ва Шарқий Тимор. Reuters таъкидлаганидек, саммит иштирокчилари 120 га яқин давлат ўртасида ривожланишга тўсқинлик қилаётган сармоявий тўсиқларни бартараф этиш бўйича келишувга эришишга яқин турибди. Бошқа томондан, рақамли савдога божхона тўловларини қўллаш бўйича 25 йиллик мораторий бўйича келишувга эришиш қийин бўлиши мумкин. Жанубий Африка ва Ҳиндистон бу вариантни рад этяпти. Қишлоқ хўжалиги савдо қоидалари бўйича келишувга эришиш ҳам даргумон деб ҳисобланяпти. 

Мавзуга оид