Жаҳон | 11:55 / 05.03.2024
4301
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Apple’ни 1,8 млрд евро жаримага тортди

Европа Иттифоқининг монополияга қарши қўмитаси қарорига кўра, Apple тахминан 10 йил давомида дастурчиларга iOS фойдаланувчиларини App Store дўконидан ташқари муқобил ва арзонроқ мусиқа обуна хизматлари ҳақида хабардор қилишни тақиқлаб келган. 

Фото: Laurenz Heymann / Unsplash

Европа комиссияси (ЕК) iOS операцион тизими фойдаланувчилари учун мусиқа стриминг хизматлари бозоридаги устун мавқейини суиистеъмол қилгани учун Apple’ни 1,8 миллиард евродан ортиқ жаримага тортди. Бу ҳақда 4 март, душанба куни эълон қилинган ЕК пресс-релизида айтилган.

Текширув шуни кўрсатдики, Apple компанияси Европа Иттифоқининг монополияга қарши қонунларини бузган ҳолда, тахминан 10 йил давомида мусиқа стриминги иловаларини ишлаб чиқувчиларга iOS фойдаланувчиларини App Store дўконидан ташқарида мавжуд бўлган муқобил ва арзонроқ мусиқа обуна хизматлари ҳақида хабардор қилишни тақиқлаб қўйган. 

Европа комиссиясининг пресс-релизида қайд этилишича, компания сиёсати «фойдаланувчи тажрибаси ёмонлашувига» олиб келган бўлиши мумкин, чунки Apple қурилмалари эгалари App Store иловасидан ташқарида яхшироқ таклифларни излаш учун мураккаб қидирувларни амалга оширишга мажбур бўлиши керак эди.

Apple’га нисбатан суриштирув 2019 йилда Spotify стриминг хизмати томонидан Америка компанияси устидан шикоят қилинганидан кейин бошланган. 

Мавзуга оид