Жаҳон | 09:11 / 16.03.2024
6113
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия норозиликлардан кейин фермерларга имтиёзлар ҳақида эълон қилди

Брюссел фермерларни учун баъзи экологик қоидаларни енгиллаштиришга тайёр. Намойишлар Европа парламентига сайловлар арафасида алоҳида муаммога айланди. 

Фото: AP

Еврокомиссия 15 март, жума куни Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги сиёсатида бир қатор Европа мамлакатларида фермерларнинг давом этаётган норозиликларига жавобан янги имтиёзларни таклиф қилди. Хусусан, алмашлаб экиш, тупроқни муҳофаза қилиш ва шудгорлаш амалиётига оид экологик қоидаларни юмшатиш тавсия этилади. Бундан ташқари, кичик фермер хўжаликларига нисбатан айрим назорат чоралари ва жарималарни бекор қилиш таклиф этилмоқда

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, бу имтиёзлардан асосий мақсад Европа Иттифоқи фермерлари учун маъмурий юкни енгиллаштириш ва уларга муайян экологик шароитларни қондиришда кўпроқ мослашувчанлик беришдир. «Қишлоқ хўжалиги сиёсати ўзгарувчан воқеликка мослашмоқда», деди фон дер Ляйен. 

Еврокомиссия таклифлари ҳали Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан маъқулланмаган. Ташаббус 26 март куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа қишлоқ хўжалиги вазирларининг йиғилишида муҳокама қилинади. 

ЕИда фермерлар норозиликлари 

Охирги ойларда Европанинг кўплаб давлатларидан келган фермерлар катта йўлларни тўсиб, кенг кўламли намойишлар ўтказди. Ушбу норозиликлар транспорт кечикиши туфайли бизнесга ўн миллионлаб евро зарар келтирди. Фермерларнинг айтишича, эркин савдо шартномалари хориждан товарлар учун адолатсиз рақобатга олиб келади. 

Бундан ташқари, европалик фермерлар ёнилғи субсидияларининг режалаштирилган қисқартирилиши, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган Европа Яшил битими доирасидаги қаттиқ экологик қоидалар уларга катта юк бўлаётганини айтди.

Европа Иттифоқида норозиликлар июн ойида бўлиб ўтадиган Европарламент сайловлари олдидан алоҳида муаммога айланди, чунки ўта ўнг партиялар сайловчиларни жалб қилиш учун фермерларнинг норозиликларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. 

Мавзуга оид