Ўзбекистон | 20:18 / 20.03.2024
14487
4 дақиқада ўқилади

20 мартнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

BYD импортига чеклов бўйича мулоҳазалар, бекор қилинган давлат харидлари, Бухорода маъмурий қамоққа олинган вайнерлар, 1 млрд сўмга сотилган мобил алоқа рақами ва илк рейсни қабул қилган Қўқон аэропорти — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Тошкентда ҳаво сифатини мониторинг қилувчи портал ишга тушди

Air Tashkent порталида пойтахт ҳудудидаги PM2.5, PM10 и PM1 — майда заррачалар даражаси, ҳаво ҳарорати, намлик, атмосфера босими каби маълумотларни олиш мумкин. Кўрсаткичлар ҳар соатда янгиланади.

КУН ФОТОСИ: Қўқон аэропорти 1 апрелдан қайта фаолият кўрсата бошлайди

20 март куни эрталаб аэропорт биринчи техник парвозни қабул қилди — Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг А320 NEO самолёти экипажи Қўқон аэропортига қўнди. Аэропортда учиш-қўниш йўлаги 2000 метргача узайтирилган, А320 ва ATR72-600 русумли самолётлар учун иккита тўхташ жойига эга перрон реконструкция қилинган.

Имом Бухорийнинг «Ат-тарихус-сағир» асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди

Асар ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалар ва уларнинг издошлари ҳақида ёзилган илк китоблардан бири ҳисобланади.

КУН РАҚАМИ

Онлайн аукционда +998(20) 000-00-00 мобил алоқа рақами 1 млрд 70 млн сўмга сотилди.  

Рақобат қўмитаси “Ўзбекнефтгаз”нинг бензин шохобчалари билан рўй берган хусусийлаштиришни ўрганмоқда

Қўмита бу олди-бердини амалга ошириш учун иқтисодий концентрация бўйича олдиндан розилик олиш керак бўлгани ёки йўқлигига баҳо беради. Масаланинг хусусийлаштириш билан боғлиқ жиҳатлари эса изоҳ бермай келаётган Давактивга ҳавола қилинди. Хусусийлаштириш ўтган йили рўй берган бўлиши мумкин.

Рақобат қўмитаси BYD импортига эҳтимолий чеклов юзасидан ҳам фикр билдирди

Қўмита раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов BYD импортини “тартибга солиш” масаласи қўмита томонидан ўрганиб чиқилиши ва тегишли таклиф киритилишини маълум қилди

Kun.uz студиясида жамоатчилик вакиллари BYD импортига чеклов жорий этиш монополияга йўл очиши ҳақида фикр билдиришди

Маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мос эмас деган гап бу баҳона, дейди 3 йилдан буён BYD автомобилларидан фойдаланаётган блогер Умид Ғафуров. Автосаноат соҳаси мутахассиси Ашрафбек Олимов BYD’нинг бу сўрови компаниянинг ривожланаётган давлатларга асосий эътиборини қаратиш стратегиясига мослигини айтди. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ҳаммаси бир вақтлар UzDAEWOOAuto қўшма корхонаси очилган пайтдаги жараёнларни эслатаётганини таъкидлади

«Ўзавтосаноат» раисига икки ўринбосар тайинланди

Чирчиқ шаҳринг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари, Александр Сахапов сотувни ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади.

Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи 130 метрли яширин туннел аниқланди

Жалолобод вилоятидаги хонадондан топилган туннелдан одамлар ва юкларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган. Хонадон эгаси контрабанда каналини ташкил қилишда гумон қилиниб, қўлга олинган

Логопед Дилором Жабборовага нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди

Болалар омбудсманига кўра, жиззахлик дефектолог, логопед Дилором Жабборовага нисбатан дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани туфайли жиноят иши қўзғатилган.

Тошкентда BMW автомобили йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетди

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ва йўловчи тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Бухорода йўл белгисига қасддан шикаст етказган вайнерларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Улар шаҳрида автомобилда ҳаракатланиб, йўл белгисига қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ саҳналаштирилган ҳолатни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган

Тошкент вилоятида ер майдонлари давлат мулкига ўтказилди

Тошкент, Пискент ва Ўрта Чирчиқ туманларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўш ер майдонлари давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади. Мазкур ер майдонларидан келгусида самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид