Жаҳон | 20:58 / 24.03.2024
26188
2 дақиқада ўқилади

Севастопол ўққа тутилди. Украина иккита ҳарбий кемага зарба берилганини маълум қилган

Шаҳар губернатори Михаил Развожаев бу ҳужумни «сўнгги вақтлардаги энг кенг кўламлиси» деб атаган.

24 мартга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари аннексия қилинган Севастополга ёпирилма ҳужум қилди.

Шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Михаил Развожаев зарбани «сўнгги вақтлардаги энг кенг кўламлиси» деб атаган. Унинг маълумотига кўра, ракета парчалари турар жой биносига тушиши оқибатида 65 ёшли киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳатланган.

Шаҳар бўйлаб қанча ракета учирилгани маълум эмас. Развожаевнинг версиясига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «10 дан ортиқ ракетани тўхтатган». Телеграм-каналларда 30 тагача ракета учирилгани ҳақида айтилган.

Украина томонига кўра «Ямал» ва «Азов» йирик десант кемалари аниқ нишонга олинган, шунингдек Россия Қора денгиз флоти алоқа марказига зарба берилган.

Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук учувчилар ва денгизчиларга «муваффақиятли жанговар иш» учун миннатдорчилик билдириб пост қўйган, шунингдек шундай ёзган: «Қрим — бизники!». 

РФ мудофаа вазирлиги кемалар шикастлангани юзасидан изоҳ бермаган.

Мавзуга оид