Ангор тумани ҳокимлиги сотиб олган Captiva вилоят ҳокимлиги балансига ўтказилди
Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими хизмат автомобили сифатида Captiva-5 сотиб олганди. Унинг нархи – қарийб 350 млн сўм – туман (шаҳар) ҳокимлари учун белгиланган лимит (340 млн сўм)дан ошиқлиги сабаб Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг талаби билан автомобил вилоят ҳокимлиги балансига ўтказилди. Агентликка кўра, машина “Аёллар дафтари” маблағларидан сотиб олингани ўз тасдиғини топмаган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган айрим масалалар юзасидан олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича маълумот берди.
Унга кўра, Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокимлиги Captiva-5 автомобилини “Аёллар дафтари” маблағларидан сотиб олгани ўз тасдиғини топмаган. Бундай маълумот давлат харидлари порталида кўрсатилганди.
“Ўрганиш жараёнида Ангор туман ҳокимлиги томонидан “Captiva 5T Premier Black-Matt” автотранспорт воситаси ҳокимликнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилингани маълум бўлди.
Бироқ, мазкур автотранспорт воситасининг қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш талабларига зид эканлиги аниқланди.
Шунга кўра, агентлик тақдимномасига асосан, ушбу автотранспорт воситаси бугунги кунда туман балансидан чиқарилиб, вилоят ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши таъминланди”, – дейилади коррупцияга қарши орган ахборотида.
Шунингдек, инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Илзат Касимовнинг бир неча МЧЖда ҳаммуассис экани бўйича тегишли чоралар кўрилиб, айни пайтда вазир ўринбосарининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилган.
Бошқа бир ҳолатда, Агробанк ўтказган 1,3 миллиард сўмлик тендер иштирокчилари бир-бирига алоқадор эканлигига оид маълумотлар ўрганиш жараёнида ўз тасдиғини топмаган.
Мавзуга оид
10:05 / 24.09.2024
Сурхондарёда Лабо бошқариб кетаётган ёш боланинг отасига чора кўрилди
20:36 / 11.03.2024
Ангор ҳокими “Аёллар дафтари” маблағларидан Captiva-5 сотиб олди
16:28 / 13.06.2023
Саида Мирзиёева: «Ўқувчиларга шароит яратмасдан туриб, таълим сифати ҳақида гапириш бефойда»
14:03 / 29.01.2023