Ўзбекистон | 11:49 / 30.03.2024
25851
2 дақиқада ўқилади

НКМКнинг “Маржонбулоқ” конида экскаваторчини БелАЗ босиб кетди

Кондаги смена алмашиш майдонида содир бўлган ҳодисада экскаваторчи вафот этган. БелАЗ ҳайдовчиси бу турдаги йирик самосвални бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлмаган.

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ таркибидаги Жанубий кон бошқармасига қарашли “Маржонбулоқ” конида экскаватор машинисти йирик ҳажмли самосвал босиб ўтиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг комбинатдаги манбаси маълум қилди.

Жамиятнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларига ёзилган ахборот хатида келтирилишича, ҳолат 25 январ куни содир бўлган. “Маржонбулоқ” кони очиқ кон ишлари участкаси экскаватор машинисти Шодиёр Абжалов ишга чиқиш жадвалига асосан кечки сменага ишга келган. Бироқ у ишга чиқиш олдидан тиббий кўрикдан ўтмаган. Ёзма топшириқ олгач, ишчи ходимлари билан биргаликда “Западний” карьерида жойлашган смена алмашиш майдонига борган.

Смена алмашиш майдонида тегишли топшириқни олган Абжалов икки нафар ҳамкасби билан технологик йўл орқали экскаватор томонга кетишган. Шу пайт йўлнинг қарама-қарши томондан БелАЗ самосвали ҳаракатланиб келган. Об-ҳаво ноқулайлиги, ёмғир ёғаётганлиги туфайли самосвал ҳайдовчиси пиёдаларни кўрмай қолган. Оқибатда Шодиёр Абжалов БелАЗнинг чиқиб-тушиш зинасига урилиб, йиқилган ва уни самосвалнинг олд ғилдираги босиб ўтган.

Экскаваторчи зудлик билан шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан у вафот этган.

Ўтказилган текширув давомида БелАЗ ҳайдовчиси белгиланган 2 йиллик стажга ҳамда тегишли русумдаги самосвални бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга эмаслиги аниқланган. Шундай бўлса ҳам у оғир юк кўтарувчи карьер автосамосвал ҳайдовчиси сифатида ишга олинган.

Бундан ташқари, бахтсиз ходиса сабаблари ўрганилганида Жанубий кон бошқармаси хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини таъминлаш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги маълум бўлган.

Мавзуга оид