Жаҳон | 09:37 / 03.04.2024
16884
2 дақиқада ўқилади

Тайванда 25 йил ичидаги энг кучли зилзила содир бўлди

Тайван шарқий қирғоқларида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Орол ва қўшни давлатларда цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.

Фото: AP

Тайван яқинида 7,5 ва 6,6 магнитудали иккита зилзила ва 5,4 баллгача бўлган тўртта зилзила қайд этилди.

Зилзила эпицентри, АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Тайваннинг Хуалян шаҳридан 18 км жанубда жойлашган. Сейсмологларнинг фикрича, бу Тайванда сўнгги 25 йил ичида содир бўлган энг кучли зилзиладир.

Япониянинг жануби-ғарбий соҳилларида баландлиги уч метргача бўлган цунами тўлқинлари кутилмоқда, деб хабар берди Япония метеорология агентлиги.

Филиппин учун ҳам цунами ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.

Хитой давлат матбуоти зилзила мамлакат жануби-шарқидаги материк Фуцзян провинциясида ҳам сезилганини хабар қилди.

«Зилзила қуруқликка яқин жойда, саёз чуқурликда бошланди. Бу бутун Тайван ва қўшни оролларда сезилди. Бу - сўнгги 25 йилдаги энг кучлиси», — деди Тайбэй сейсмология маркази раҳбари У Чиэн Фу. 

1999 йил сентябр ойида Тайванда 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. У 5 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилди ва 2400 кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Ҳозирги зилзила маҳаллий вақт билан соат 07:58 (Гринвич бўйича 23:58) да содир бўлган, ўчоқ 15,5 км чуқурликда бўлган. Бунинг ортидан 4 ва ундан юқори магнитудали камида тўққизта зилзила содир бўлди. 

Тайван оммавий ахборот воситалари бинолар қулаб тушаётгани, одамлар мактаблар ва уйлардан эвакуация қилинаётганини кўрсатмоқда. 

Мавзуга оид