Жаҳон | 11:19 / 15.04.2024
7491
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй: АҚШ Эрон билан урушга интилаётгани йўқ

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг айтишича, Вашингтон Исроилга таҳдидлардан ҳимояланишда ёрдам беришда давом этади.

Фото: Chris Kleponis/UPI Photo/IMAGO

Қўшма Штатлар Исроилга таҳдидлардан ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беришда давом этади, лекин Эрон билан урушга ёки Яқин Шарқдаги можарони кучайтиришга интилмайди. Бу ҳақда 14 апрел, якшанба куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон Исроилнинг Эрон ҳаво ҳужумига жавобан эҳтимолий зарбасини қўллаб-қувватламайдими, деган саволга жавобан айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳужумига қандай жавоб қайтариш бўйича қарор Исроил томонидан мустақил равишда қабул қилинади. Шу билан бирга, Кирби АҚШ Исроилнинг Эронга қарши эҳтимолий жавоб операциясида иштирок этадими, деган саволга жавоб беришдан қочди. 

Аввалроқ Америка ОАВ Оқ уйдаги юқори мартабали амалдорларга таяниб, АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатда Қўшма Штатлар Эронга қарши ҳеч қандай тажовузкор операцияларда қатнашмаслигини айтганини хабар қилганди. Шу билан бирга, у Нетаняҳуни АҚШ Исроилни ҳимоя қилишга содиқлигига ишонтирди. Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 14 апрелга ўтар кечаси Эрон ҳужумини қайтаришда иштирок этди.

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган. 

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди.

Мавзуга оид