Жаҳон | 19:11 / 24.04.2024
5806
2 дақиқада ўқилади

АҚШ «Толибон»ни Афғонистондаги қонуний ҳукумат сифатида тан олмайди

Давлат департаменти бу мамлакатда «ҳокимият тепасига келган радикаллар инсон ҳуқуқларини поймол қилишда ва халқаро конвенцияларга зид бўлган ички қонунларни чиқаришда давом этаётгани»ни қайд этган.

Фото: The Washington Post

Қўшма Штатлар ҳали «Толибон» ҳаракатини Афғонистон ҳукумати сифатида тан олиш тўғрисида бир қарорга келмади. Чунки бу мамлакатда «ҳокимият тепасига келган радикаллар инсон ҳуқуқларини поймол қилишда ва халқаро конвенцияларга зид бўлган ички қонунларни чиқаришда давом этмоқда». Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 2023 йилда дунёнинг турли мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақидаги ҳисоботида айтилади.

Давлат департаменти таҳлилчиларининг қайд этишича, ҳисобот даврида Афғонистонда таълим ва иш билан таъминланиш имконияти чекланган аёллар ҳуқуқлари сезиларли даражада ёмонлашган. Мутахассисларга кўра, «Толибон» афғон аёллари учун шарт-шароитларни енгиллаштириш ёки айрим тақиқларни бекор қилишни назарда тутувчи бирорта ҳам фармон қабул қилмаган. 

Америкалик сиёсатчиларни Афғонистон ҳукуматига «содиқ бўлмаган» одамларнинг қийноққа солиниши, ноқонуний ҳибсга олиниши ва ўғирлаб кетилиши ҳақидаги кўплаб хабарлар ҳам хавотирга солган. «Толибон» қуролли можароларда қатнашиш учун «болаларни ёлламоқда, бу ҳам инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади». 

Бундан ташқари, «мамлакатда сўз эркинлиги поймол этилмоқда, интернетга киришда чекловлар мавжуд, мустақил матбуот таъқиб қилиняпти». 

Таъкидланишича, «толиблар» этник ва диний озчиликлар - ҳазоралар, сикхлар, салафийлар, ҳиндулар, насронийлар вакилларига «ҳар томонлама зўравонлик ва тазйиқ ўтказмоқда». 

TOLOnews хабарига кўра, Афғонистон давлати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат АҚШ танқидига жавоб қайтарган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги ҳукмрон ҳукумат «Ислом ва шариат тамойилларига содиқ», «Ғарб эса унга ўз қоидалари ва маданиятини сингдиришга интилади, жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам».

Мавзуга оид