Жаҳон | 17:48 / 02.05.2024
24290
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда юк машинаси 29 нафар болани уриб юборди

Ҳолат Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида “Манас” достонини ижро этишга жамланган ўқувчилар билан содир бўлган. Ўқувчилардан 3 нафарининг аҳволи оғир.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида музқаймоқ ортилган кичик ҳажмли юк машинаси оммавий тадбир вақтида ўқувчиларни босиб кетди. Бу ҳақда “Кабар” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 9 дан 16 ёшгача бўлган 29 нафар бола жароҳатланган. 18 нафар бола шифохонага олиб кетилган. Улардан 7 нафари реанимацияга ётқизилган. 3 нафарининг аҳволи эса оғир дея баҳоланмоқда. 11 нафар болага воқеа жойида ёрдам кўрсатилиб, амбулатор даволанишга юборилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси тепаликда тўхтаган ҳолатда турган. Воқеа содир бўлган вақтда рулда ҳайдовчи бўлмаган. Юк машина тормоздан чиқиб кетиб, пастликка қараб ҳаракатланган ва республика танловида “Манас” достонини ижро этиш учун сафга тизилган ўқувчилар устидан юриб кетган.

Мавзуга оид